Ой бориб, омон қайтинг

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». «Халқ ва армия – бир тану бир жон» деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳарбий соҳани модернизация қилиш ҳамда замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, давр талабларига жавоб берадиган чинакам миллий армияни шакллантириш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Замонавий ҳарбий шаҳарчалар, округ ва гарнизонлар, олий ва ўрта махсус ҳарбий таълим муассасалари, малака ошириш марказлари, «Темурбеклар мактаби», «Ватан таянчи» отрядлари бугун ёшларимизнинг Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ва масъулиятли касбга бўлган қизиқишларини кучайтирмоқда. Биргина Бухоро вилояти умумтаълим мактабларидаги «Ватан таянчи» ҳаракатига 10 минг нафардан зиёд ўқувчи ёшлар қамраб олинган. Йигитлар орасидан энг муносиблари тавсиянома асосида муддатли ҳарбий хизматга жалб этилмоқда. Бу каби кенг қамровли ишларда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
Бухоро шаҳрида навбатдаги муддатли ҳарбий хизматга чақирув муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Б.Зарипов ана шулар ҳақида атрофлича тўхталди.
— Бухоро шаҳридаги «Ширбудин» маҳалласиданман, — дейди чақирилувчилардан бири Жаҳонгир Маҳмудов. — Университетда ахборот технологиялари йўналишида сиртдан таҳсил оляпман. Миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини ўташ имконияти туғилганидан хурсандман. Енгил атлетика билан шуғулланиб келяпман. 20-умумтаълим мактаби ҳамда олий ўқув юртида устозларимдан олган билимларим, касбий кўникма армияда асқатади, албатта.
Давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, фаоллар, ота-оналар иштирокида ташкил этилган маросимда Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони, генерал майор Фарҳод Шерматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Шодмон Сулаймонов, аскар онаси Дилноза Раҳматова сўз олиб, миллий армиямизнинг Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, тинчлик-осойишталигимизни таъминлашдаги ўрни ҳақида тўхталди, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшлар эл-юрт ишончини оқлайди, дея ишонч билдирди.
Шундан сўнг ҳарбий қисм хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Йигитлик бурчини ўтагани отланган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.
Ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқа садолари остида армия сафига йўл олган ёшларни барча «Ой бориб, омон қайтинг» дея кузатиб қўйди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг