Оилалар мустаҳкамлиги — жамият эртасининг пойдеворидир
Фото: Иллюстратив фото
Оила — инсон учун энг муқаддас ва улуғ даргоҳдир. Инсон шу даргоҳда туғилади, ўсиб-униб камолга етади. Оилани жамиятнинг ажралмас бўлагидир.
Халқимиз ҳам азал-азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор кучу салоҳиятини бағишлаган. Зеро, оила бирлиги, ундаги муҳит фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш каби масъулиятли вазифани ўз елкасига олган. Қуйидаги юртдошларимизнинг фикрлари, дил сўзлари ҳам айнан шу ҳақда.
Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси:
— Аслида она сайёрамизда яшаётганлар — ҳаммамиз бир оиланинг болаларимиз. Сизнинг сиймонгизда ҳар бир заминдош-қариндошимизни энг моҳир меъмор — Аллоҳнинг мумтоз бир санъати — ҳаммамизни узилмас ришталар ила бир-биримизга чамбарчас боғлаб қўйган оила аталмиш бахт қўрғонимиз байрами билан муборакбод этаман.
Бугун инсоният бошидан кечираётган мураккаб, фожиавий ҳолатларнинг илдизини қаердан изласак экан? Миямизни яшиндай кесиб бир савол ўтади: Биз Одам Ато, момо Ҳаввонинг болалари бир-биримизни қанчалик қадрладик?
Моддий дунёнинг икир-чикирлари, югур-югурларини деб наҳот биз шу кўйга тушдик? Наҳот бир-биримиздан, ўз уйим, ўлан тўшагим, иссиқ ўчоғим деб талпинадиган манзил-маконимиздан шунча узоқлашдик? Бир эшикдан кириб чиқиб, бир дастурхондан нон еювчиларнинг кўнгил боғларига, дил уйларига, юрак хоналарига бугун кимлар меҳмон, нималар уя қурмоқда?
Халқаро оила куни дунё халқлари учундир эҳтимол...
Бизнинг ўзбек учун ҳар бир кун оила куни эмасми? Давлатбошиларимиз ота-онамиз бедор, йўлимизга кўз тикаётган экан, кўзимиз қувончи болаларимиз кўз ўнгимизда ўйнаб-кулиб ўсаётган экан, эрталаб тарк этган остонамиз, кечқурун қайтгунимизча жойида омон, эшикларимиз қулфдан холи, қозонимиз қайнаб, дастурхонимиз ёзиқ турган экан — умрлик байрам шу эмасми бизга?!
Оила қувончи, оила саодати, оила фароғати, оила таровати умрижовидонингизда тахт, бошингизда тож бўлиб турсин, Азизлар. Улкан оиламиз — Она еримиз, жонажон ватанимиз — жаннатмакон Ўзбекистонимиз омон бўлсин.
Бобуржон САЪДУЛЛАЕВ,
Хива шаҳри Огаҳий номидаги ижод мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
— Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида инсоний қадриятлар, маданият ва авлодларнинг тарихий давомийлиги, барқарорлик ва ривожланиш омили бўлиб келган. Оила туфайли давлат тобора мустаҳкамланиб ривожланмоқда, шу билан бирга халқнинг турмуш фаровонлиги ҳам ошмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепцияси давлат ижтимоий сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланган оила сиёсати аҳоли бандлигини ва реал даромадларини изчил ошириб боришга, фуқаролар фаровонлигини оширишга, ижтимоий муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Шунингдек, концепциядан келиб чиққан ҳолда жамиятда замонавий оила моделини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини тўлиқ рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш ҳам эътиборга олинган.
Оила — ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббатдан дарс берувчи улуғ маскандир. Оила фаровонлиги мамлакат тараққиёти ва тараққиётининг ўлчовини белгилаб беришини унутмаган миллат ҳамиша юксак марраларни забт этишига шубҳа йўқ.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг