Оила жамият ва давлат ҳимоясида


Бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган.
Шу боис ота-боболаримиз оилага жуда катта эътибор билан қарашган. Буюк алломаларимиз Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Кайковусдан тортиб Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ва бошқаларгача ўз асарларида оилавий масалалар, хусусан, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, бола тарбиясида ота-она, бобо-бувининг ўрни, комил ва ватанпарвар шахсни етиштиришда бу муҳим ижтимоий институтнинг ролига алоҳида ёндашиб, ибратли ҳикоятлар, ривоятлар, фарзандларга мактублар, ҳикматли сўзлар, шеърий сатрлар орқали панд-насиҳатлар, ҳаётий хулосалар ёзиб қолдирганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарварларимиз ҳам одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашнинг ягона йўли — барқарор оила қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан давлат ва жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини таъкидлашган.
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврига келиб ҳам Ўзбекистон ўз истиқболи ва келажагини оилани ривожлантириш, уни эъзозлашда, деб билаётгани юқоридаги анъанавий қадриятларимизни янада бойитган ҳолда замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз асосида ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келган муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифалар қўйилди. Мазкур Фармонга биноан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи тизим сифатида ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси давлат ва жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, мамлакатда фақат соғлом оила — соғлом жамият устуни бўла олишини аҳоли онгига сингдириш, илмий-инновацион тадқиқотларни амалга ошириш орқали оила институтини мустаҳкамлаш этиб белгилангани мамлакатимизда бу борада мутлақо янги босқичдаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан далолат беради.
Ўз навбатида, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий, намунали оила мезонларини белгилаш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш масалаларига комплекс ёндашиш фаолиятимизда устувор аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, жамиятда энг ибратли оилавий анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда тарғибот қилиш масалалари бўйича ҳудудларда қатор фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилаётир. Мисол учун, замонавий муваффақиятли оила мезонлари қандай бўлиши керак, деган мавзуда республикамизнинг турли вилоятларида 800 дан ортиқ оилаларда ижтимоий сўровлар ўтказилиб, якуний натижалар бўйича замонавий оиланинг модели ишлаб чиқилди. Тадқиқот ўтказилган оилалар вакилларининг фикрларига кўра, оиладаги соғлом ва барқарор, осойишта психологик муҳит; юксак маънавий-ахлоқий тарбия; етарли даражадаги иқтисодий ва маиший шароитлар; оила аъзоларининг таълим йўналишида олий маълумотлилик даражаси; сиҳат-саломатликка алоҳида эътибор қаратиш замонавий намунали оиланинг асосий мезонлари қаторига киради.
Шу ўринда ҳар қанча аччиқ бўлмасин, очиқ айтиш керак, тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, кейинги пайтларда халқимизга хос бўлмаган айрим иллатлар — оилавий ажрашишлар, турли низоли вазиятлар, ишсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, маънавий тушкунлик, эҳтиёжмандлик, жиноятга қўл уриш ҳолатлари каби омиллар нотинч, ноқобил, кемтик оилалар ва қатор ижтимоий-маънавий муаммоларни пайдо қилмоқда. Айниқса, ажрашишлар сонининг камаймаётгани кишида жиддий ташвиш уйғотади. Республикамизнинг учта вилоятида олиб борган тадқиқотларимиздан маълум бўлдики, оилалар барбод бўлишига қуйидаги омиллар асосий сабаб бўлмоқда:
Психологик омил — оиладаги оғир психологик муҳит, ўзаро тушунишнинг йўқлиги, оиладаги доимий низолар, ота-оналарнинг ёш эр-хотин ҳаётига аралашишлари, ёш эр-хотинларни бегоналаштириб қўйиш, бир-бирига бефарқлик;
Ижтимоий омил — ичкиликбозлик, фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг саломатлиги яхши эмаслиги;
Маънавий-ахлоқий омил — эр-хотиндан бирининг узоқ вақт давомидаги никоҳдан ташқари алоқалари;
Иқтисодий омил — тураржой шароитларининг қониқарли эмаслиги, моддий етишмовчилик, ишсизлик, эрнинг оилани таъминламаслиги, меҳнат мигранти сифатида чет элга кетган эр-хотиндан бирининг оиласи билан алоқаси узилгани, қарзларни узолмаслик.
Эътироф этиш лозим, ҳозирги кунга қадар 11800 дан ортиқ низоли оилаларнинг иши судга етиб бормасдан, ФҲДЁ органи ва судга ажрашиш учун ариза берган 3100 дан зиёд оилаларни эса ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда яраштиришга эришилди. Умуман, бузилиб кетиш арафасида турган 14645 та оила сақлаб қолинди.
Олиб борилган тадқиқотларимиз хулосаларига таяниб, ажрашишларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдик. Бизнингча, энг аввало, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги Яраштириш комиссиялари ва “Ота-оналар университети” тузилмалари учун малакали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарур. Оила қураётган фуқароларни тегишли қонунчилик асосида эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, никоҳ шартномасини тузиш тартиблари, шарт-шароитлари, оқибатлари юзасидан ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозим. Бу борада кенг қамровли тарғибот ишларини юритиш, тегишли услубий қўлланмалар яратиш, методик тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Умумтаълим мактабларидан тортиб, олий ўқув юртларининг дастурларигача оила сабоқларини ўргатувчи дарс машғулотларини киритиш фойдадан холи бўлмайди.
Жойлардаги ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бугун оила аталмиш муқаддас даргоҳ остонасидан хатлаётган кўпчилик ёшларимиз, афсуски, мустақил ҳаётга на иқтисодий, на маънавий, на ҳуқуқий, на руҳий ва на диний-маърифий томондан тайёр. Бу муаммога ечим излаб Тошкент вилоятининг Паркент туманида ФҲДЁ органига никоҳдан ўтишга ариза берган бўлғуси келин-куёвлар учун махсус ўқув-курси ташкил этиб, бир ой мобайнида уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ҳаракат қилдик. 15 жуфтликка ўз касбининг моҳир устаси бўлган мутахассислар томонидан интерактив, инновацион усулларда машғулотлар ўтилди. Паркент туманида изчил давом эттирилаётган бу ўқув-курси ёшларга ниҳоятда маъқул келгани боис ушбу тажрибани бутун республикамиз бўйлаб оммалаштирмоқдамиз. Яқин кунлар ичида эса марказимизнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликдаги лойиҳаси — Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолият бошлаяпти.
Бундан ташқари, мутахассисларимиз томонидан Наманган вилоятида оила масалаларига янгича инновацион ёндашув жорий этилмоқда. Бунинг учун аввал оилага кўрсатиладиган хизматлар Тўрақўрғон туманидаги қатор муассасалар билан ҳамкорликда комплекс ўрганиб чиқилди. Оилалар билан ишлаш бўйича тренинглар ташкил этиш орқали соҳа мутахассисларига мукаммал билим ва кўникмалар берилди. Ўз навбатида, “Оила” марказининг мутахассислари давлат ҳамда нодавлат ташкилотларига оилага хизмат кўрсатишни таъминлаб берувчи мутахассис сифатида яқинлаштирилмоқда. Натижада мураккаб шароитда қолган, муаммоли оилалар давлат хизматидан баҳраманд бўляпти. Айни вақтга қадар Тўрақўрғон туманидаги оилалар ҳолати тўлиқ илмий-амалий таҳлил қилиниб, 84 тасини ночор ҳолатдан чиқариш бўйича ҳар бири учун алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва ушбу ҳужжатлар ҳаётга жорий этилаётир.
Марказимиз бўйича 10000 дан ортиқ нотинч оилалар аниқланиб, барча ҳудудий бўлинмаларимизда маълумотлар базаси шакллантирилди ҳамда улар билан индивидуал иш олиб бориляпти. Шу билан бирга, 4343 та ўта ночор оиланинг асосий муаммоларини ҳал этиш бўйича туманлардаги секторлар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалий ёрдам бериш чоралари ишлаб чиқилди. Оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатлар, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни сақлашда муаммолари бўлган 3819 та оила билан тўғридан-тўғри алоқа йўлга қўйилди. 1,5 миллиондан ортиқ намунали оилалар бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди.
Албатта, оилалар билан ишлашда соҳа мутахассисларидан юқори билим ҳамда кўникма, ўзига хос тажриба талаб этилади. Шуни эътиборга олиб, марказимизнинг вилоят бошқармалари қошида ташкил қилинган кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув-курсларида, биринчи навбатда, марказ ҳамда ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун ўқув-курслари ташкил этилиб, машғулотларни ўтаганларга махсус сертификатлар берилди. Ҳозирги кунда эса бутун республика бўйлаб маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ўқувлари изчил давом эттирилмоқда.
Оила институти соҳасида марказимиз бир қатор давлат ва нодавлат, халқаро ташкилотлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Айни пайтга қадар 20 дан ортиқ ташкилотлар билан Меморандум имзоланиб, фаол ҳамкорлик ўрнатилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Президентимиз қарори билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани ҳам юртимизда оилалар фаровонлиги учун давлат ҳамда жамият астойдил қайғураётганининг ҳаётий ифодаси бўлди.
Ушбу Концепцияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир. Ниятимиз, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг