Оҳангарон туманида умумий қиймати 30 млн долларлик янги лойиҳага тамал тоши қўйилди

18:01 31 Март 2023 Жамият
477 0

Фото: Халқ сўзи

«Ангрен» эркин иқтисодий зонасининг Оҳангарон тумани «Ангрен-1» блокида Хитойнинг “Hua Tao Cermic Group” хорижий корхонаси томонидан керамик плиткалар ва уларни ишлаб чиқариш учун хомашё ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги завод қурилиши бошланди.

Тантанали тадбирда туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, корхона раҳбарияти ва масъуллари, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Туман ҳокими сўзга чиқиб, Оҳангарон туманида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўзлаб, айни пайтда туманда умумий қиймати 2 млрд долларга тенг бўлган 75 та лойиҳа амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Мазкур лойиҳалар амалга ошиши натижасида туманимизнинг саноати ривожланиши, иқтисодий ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ самарадорлиги янада ортиши алоҳида қайд этилди. Шунингдек, туман раҳбари хитойлик ҳамкорлар билан дўстона алоқалар бундан кейин ҳам ривож топишини, ушбу лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ҳар қандай масалада туман ҳокимлиги ҳамкорликка тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Расмийларнинг кириш сўзларидан сўнг, янги қурилаётган завод атрофида кўчат ўтқазиш акцияси бўлиб ўтди ва манзарали дарахтлардан иборат боғ ташкил этилди.

Сўнгра, тадбирнинг асосий қисми, яъни завод пойдеворига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Туман ҳокимининг эзгу тилаклари муҳрланган ўзига хос рамзий мактуб пойдевор остига ташланди. Қуръон тиловат туширилиб, хайрли иш олдидан жонлиқ сўйилди.

Лойиҳа ҳақида маълумот:

Мазкур лойиҳа 2023-2025 йилларда Хитой Халқ Республикасининг “Zibo Brosilk New Material Technology Partnership” компанияси ҳамда хитойлик инвестор Jia Xiaohu томонидан киритилаётган 30 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий сармоялари ҳисобига 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичида, 2024 йил охирига бориб, йилига қуввати 6 млн метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Иккинчи ва учинчи босқичларда плиталар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини тўлиқ ўзлаштириш мақсадида, корхонанинг ўзида фритта, глазурь, принтерлар учун бўёқлар ҳамда металл қолиплар (пресс-форма) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Корхонанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 350 та янги иш ўринлари яратилади. 2026 йилга бориб, корхонада 360 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва шундан 11 млн. долларлик қисми экспортга йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, маҳаллий давлат бюджетига 3 млрд сўмлик солиқ тушумлари келиб тушади.

Корхонада ишлаб чиқарилган юқори сифатли маҳсулотлар ички бозор ва экспортга “Made in Uzbekistan” тамғаси остида етказиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?