Офтальмологиянинг ютуқ ва муаммолари Тошкентда муҳокама қилинди

15:01 24 Май 2024 Жамият
461 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тошкентда «Офтальмологияда инновацион технологиялар» халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Шифокорлар ассоциацияси кўмагида ташкил этилди.

Унда тегишли давлат идоралари, Ўзбекистон давлат ва хусусий клиникаларининг вакиллари, шунингдек, Беларусь, Буюк Британия, Қозоғистон, Италия, Испания, АҚШ, Туркманистон, Швейцария, Россиядан келган офтальмологлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси раиси Зулфия Мақсудова халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида тиббиётнинг муҳим йўналиши ҳисобланган, замонавий рақамли технологияларнинг ривожланиши ва шунга мос равишда инсон, айниқса, болалар ва ўсмирлар кўзига юкланишнинг кескин ортиши туфайли талаб ортиб бораётган офтальмология соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шу ўринда З.Мақсудова давлатимиз ва шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўмаги туфайли мамлакатимизда малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, офтальмологияга илғор тиббий технологияларни жорий этиш борасида жиддий ва тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Анжуманда мамлакатимизда офтальмологияни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, шунингдек, 2020 йилда ташкил этилган Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси фаолияти ёритиб берилди. Ассоциация уч йилдан сал кўпроқ вақт давомида ишлашига қарамасдан сезиларли натижаларга эришди. Хусусан, 500 дан ортиқ мутахассислар иштирокида халқаро вебинар ўтказилди, Американинг машҳур «Lions Ee Institute» трансплантация маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Давлат органларига маслаҳат ёрдами кўрсатилмоқда, болалар учун профилактика дастурлари амалга оширилмоқда, ҳамда оптометрист ҳамширалар малакасини ошириш ташкил этилди.

Халқаро конференция дастуридан ялпи мажлислар ва секция муҳокамалари ўрин олган бўлиб, уларда офтальмологик ёрдамни ташкил этиш масалалари, глаукома, кўзнинг олдинги сегменти, кўз гавҳари ва орқа сегмент патологиясини даволашда янги технологиялар, шунингдек, офтальмологик диагностикада инновацион ечимлар, шу жумладан рефракция аномалияларини ташхислаш ва даволашда замонавий ёндашув масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?