«Одамлар менга ишонишлари учун мени кўришлари керак» — Қиролича Елизавета IIнинг 70 йиллик ҳукмронлиги қандай муваффақият ва хатолар билан тарихда қолди?

01:04 10 Сентябр 2022 Дунё
1499 0

Фото: Tim Graham / Getty Images

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси Елизавета II 96 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У Буюк Британия ва дунёда энг узоқ ҳукмронлик қилган монархга айланди. Қиролича ўз ҳукмронлигининг 70 йиллик даврида технологияларнинг жадал ривожланиши, коинотнинг забт этилиши, қуролланиш пойгаси, социалистик тизимнинг емирилиши ва дунёнинг бутунлай ўзгариши, иқтисодий инқирозлар гувоҳи бўлди. Елизавета II тахтда бўлганида Британиянинг ўзи ўзгарди. Унинг даврида мамлакатда 15 бор бош вазир алмашди — Уинстон Черчиллдан Лиз Трассгача.

Хўш, Елизавета II Буюк Британия монархияси қиёфасини қандай ўзгартирди ва унинг ҳукмронлиги нималар билан эсда қолмоқда? Қуйида шулар ҳақида...

Кутилмаган омад

Елизавета II нинг гўдакликдаги портрети. Рассом Жон Цент-Ҳелиер Ландер томонидан чизилган.

Елизавета II қирол Жорж Vнинг иккинчи ўғли шаҳзода Альберт оиласида туғилган ва умуман олганда, ҳеч қачон қиролича бўлмаслиги керак эди.

1936 йилда Жорж V вафотидан кейин тахтга унинг катта ўғли Эдвард ўтиради. Бироқ, тез орада мамлакатда конституциявий инқироз бошланади. Бунга янги қиролнинг америкалик, турмушидан ажрашган социалист Уоллис Симпсонга уйланиш истагини эълон қилгани сабаб бўлган.

Ушбу никоҳга ҳукумат ва Англикан черкови қаршилик кўрсатди. Негаки, собиқ турмуш ўртоғи тирик бўлган аёлга уйланиш диний тамойилларга мутлақо зид эди. Катта босимга қарамай, Эдвард ўз севгиси фойдасига танлов қилди ва тахтдан воз кечди. Унинг укаси Альберт қирол бўлди, тож кийишдан кейин у Жорж VI исмини олди ва Елизавета тахт учун биринчи рақамли ворисга айланди.

Мураккаб дебоча

Виндзор герцоги Эдвард рафиқаси Уоллис Симпсон билан. У Уоллис Симпсон учун тахтдан воз кечган эди. 1937 йил 3 июнь. Франция.

1952 йил 6 февралга ўтар кечаси Жорж VI тромбоздан вафот этади. Отасининг ўлими ҳақидаги хабарни Елизавета Кенияда эшитади ва у Буюк Британия қироличаси сифатида Лондонга қайтади.

«Мен ёшлигимда зиммамга юкланган бу оғир юкда Худодан ёрдам сўрайман», деган эди у ўшанда.

Елизавета тахтни анча мураккаб вазиятда эгаллади. Чунки отаси даврида Британия империясининг қулаши бошланган эди — Ҳиндистон, Покистон, Бирма ва Сейлон мустақилликка эришганди. Назорати остидаги Фаластиндан ёш яҳудий Исроил давлати ажралиб чиқди. Халқаро вазият ҳам оғир эди: дунё Иккинчи жаҳон уруши оқибатларидан эндигина тикланаётган, СССР ва АҚШ ўртасидаги совуқ уруш аллақачон кучайиб кетган давр эди.

Телеэкранлар маликаси

Қиролича Елизавета II ва Эдинбург герцоги Елизаветанинг тож кийиш маросимидан сўнг Букингем саройи айвонидан оломон томон қўл силкитмоқда. Лондон, 1953 йил 2 июнь. Фото: Keystone/Hulton архиви/Getty Images

Елизавета IIнинг тож кийиш маросими 1953 йил 2 июнда бўлиб ўтди. Мамлакат тарихида илк бор маросим телевидение орқали намойиш этилди. Уни бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар кузатиб боришди ва кўплаб британияликлар ҳатто бунинг учун биринчи телевизорларини сотиб олишди.

«Одамлар менга ишонишлари учун мени кўришлари керак». Бу гап биографларнинг фикрига кўра, қироличанинг деярли 70 йиллик ҳукмронлиги даврида бир неча бор янграган.

Черчиллнинг ғазаби

Қиролича Елизавета II Ҳамдўстлик бош вазирлари ва раҳбарлари, жумладан Уинстон Черчилль билан. 1952 йил декабрь. 
Фото: PA Images/Getty Images

25 ёшли қиролича билан мулоқотда бўлиши керак бўлган биринчи Британия бош вазири Уинстон  Черчилль эди. У жуда ғайриоддий ва мулоқот қилиш жуда қийин сиёсатчи эди. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Черчилль тахтда «ёш бола» ўтирганидан шунчалик ғазабланганки, бундан у ҳатто йиғлаган ҳам экан.

Бироқ, вақт ўтиши билан унинг қироличага бўлган муносабати ўзгарди ва улар ўртасида дўстлик пайдо бўлди. Елизавета II бош вазирлар билан мунтазам зиёфатлар амалиётини Черчиллдан бошлаган ва бу унинг ўлимигача давом этди — қиролича вафотидан икки кун олдин, 6 сентябрда Лиз Трассни Буюк Британия бош вазири этиб тайинлаган ва ушбу тайинлов муносабати билан уюштирилган зиёфатда қатнашган эди.

Сувайш инқирози

Ҳарбийлар ва Westland Whirlwind вертолётлари HMS Theseus самолёт ташувчиси кемасида. Порт-Саид шаҳри, Миср, 1956 йил. Фото: PA Images/Getty Images

1955 йилда Черчилль соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқди. Унинг ўрнини консерватив Энтони Эден эгаллади. Бироқ, 1956 йилда бошланган Сувайш инқирози туфайли Эденнинг бош вазирлиги қисқа муддатли ва жуда муваффақиятсиз бўлди.

Мисрнинг янги ҳукуматининг АҚШ ва Буюк Британия билан қарама-қаршиликлари, шунингдек, икки Ғарб давлатининг Асван тўғони қурилишини молиялаштиришдан бош тортиши Қоҳирани Сувайш каналини миллийлаштиришга ундади. Бунга жавобан кема артиллерияси улушларининг бир қисмига эгалик қилган Буюк Британия Мисрга ҳужум қилиш учун Франция ва Исроил билан яширин шартнома имзолади.

Ҳарбий муваффақиятларга қарамай, Буюк Британия ва Франция АҚШ, СССР, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кучли босимига дуч келди ва ўз қўшинларини олиб чиқишга мажбур бўлди. Операциянинг муваффақиятсизлиги Эденни истеъфога чиқди.

Империянинг қулаши

Ганаликлар ўз мустақиллигини нишонлашмоқда. 1957 йил. Фото: Getty Images

Сувайш инқирози Буюк Британиянинг дунёдаги мавқеини кескин тушириб юборди: мамлакат жаҳон етакчиси мақомини йўқотиб, АҚШга қаттиқ қарам бўлиб қолди. Бу Елизавета IIнинг отаси даврида бошланган Британия колонияларини йўқотиш жараёнини ҳам тезлаштирди.

Ганадан кейин Африкадаги бошқа Британия колониялари бирин-кетин мустақилликларини эълон қила бошлади. Деколонизацияни Эдендан кейин бош вазир бўлган Гарольд Макмиллан ҳам қўллаб-қувватлайди. «Бу қитъада ўзгаришлар шамоли эсмоқда. Буюк Британия эса бу билан ҳисоблашиши керак» деган эди Гарольд Макмиллан Кейптаунда сўзлаган нутқида.

Британия империясининг қулаши 1997 йилда Гонконгнинг Хитой Халқ Республикасига ўтиши билан якунланди. Унинг ўрнига 16 давлатдан иборат Миллатлар Ҳамдўстлиги ташкил этилди.

Жаноби Олияларининг энг буюк хатоси

Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филипп Аберфанда. 1966 йил 29 октябрь. Фото: Syndication / Mirrorpix / Getty Images

1966 йилда Буюк Британия даҳшатли фожиадан карахт аҳволга тушди: Жанубий Уэльсдаги Аберфан қишлоғидаги кўмир конида тошларнинг қулаши оқибатида кўчки юз бериб, бир неча дақиқада тоғ этагида жойлашган мактабни босиб қолди. Оқибатда 144 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 28 нафари катталар ва 116 нафари болалар бўлиб, уларнинг аксарияти 7-10 ёш атрофида эди. Ушбу фожиа сабаб Аберфан бутун бир авлодини йўқотди.

Елизавета II турмуш ўртоғи Филиппни Аберфанга юборади. Чунки у ўзининг воқеа жойига боришини қутқарув операцияларига халақит беришига сабаб бўлишидан қўрққанг.

«Одамлар менга чалғиб, вайроналар остидан топилиши мумкин бўлган бир болани эътибордан четда қолдириши мумкин эди», дея изоҳлаганди ўшанда қиролича ўз қарорини.

Елизавета II қишлоққа фожиадан саккиз кун ўтиб борган ва узоқ вақт танлов қилганидан жуда пушаймон бўлган.

«Бутун ҳукмронлигимдаги энг катта хатолардан бири бу Аберфанга аввалроқ келмаганим», деганди у кейинроқ яқинларига.

Ирландиядаги тартибсизликлар

Полиция инспектори ўлимига сабаб бўлган портлаш оқибатлари. Бельфаст, Шимолий Ирландия, 1971 йил ноябрь. Фото: AP

1960 йиллар охирида Шимолий Ирландияда ҳудуднинг Буюк Британиядан мустақиллиги ва уни Ирландия Республикаси билан бирлашиши учун ҳаракат кучайди. «Республикачилар» ва «содиқчилар» ўртасидаги «тартибсизлик» деб номланган қонли тўқнашувнинг шартли санаси 1969 йил. Кейин иккала лагерь тарафдорлари Шимолий Ирландиянинг Лондондерри шаҳрида кўп кунлик кўча жангларини уюштиришди.

Шимолий Ирландия ҳукумати раҳбари Лондондан Британия қўшинларини олиб келишни сўради. 1971 йилда айирмачи Ирландия Республика армияси биринчи британиялик аскарни ўлдиради. Умуман олганда, 38 йиллик можарода ҳар икки томондан 3,5 минг киши ҳалок бўлган.

Лондондерридаги «Қонли якшанба»

Шимолий Ирландиянинг Лондондерри шаҳарчаси кўчаларида «Қонли якшанба» воқеаларидан кейин ёнғин. 1972 йил февраль. Фото: Мишел Лаурент / AP

1972 йил 30 январда Британия ҳарбийлари Лондондерридаги тинч намойишни ўққа тутади. 13 нафар қуролсиз намойишчи, жумладан ўсмирлар ва бир руҳоний ҳалок бўлади. Гувоҳларнинг айтишича, ҳарбийлар қочишга ёки ярадорларга ёрдам беришга уринганларни совуққонлик билан отган ва тез ёрдам машиналарини яқинлаштирмаган.

Тарихга «Қонли якшанба» номи билан кирган бу воқеа нафақат ирландиялик айирмачилар, балки кўплаб британиялик сиёсатчиларни ҳам ғазаблантиради. Ўша йили намойишчиларни ўққа тутган аскарларга қўмондонлик қилган подполковник Дерек Уильфорд Елизавета II томонидан Британия империяси ордени билан тақдирланиши бу ғазабни янада орттиради.

Хоним қироличага қарши

Қиролича Елизавета II ва Бош вазир Маргарет Тетчер Ҳамдўстлик ҳукуматлари раҳбарларининг учрашувида. Лусака, Замбия, 1979 йил октябрь. Фото: Том Стоддарт / Getty Images

1979 йил 4 майда Буюк Британия тарихида биринчи марта аёл киши, яъни Маргарет Тетчер бош вазир бўлди. У ўзининг қаттиққўллиги ва мослашувчанлиги учун «Темир хоним» лақабини олади. Тетчернинг раҳбарлигида Буюк Британия Аргентина билан Фолькленд ороллари учун урушга кирди. Ҳарбий кампаниянинг муваффақияти Сувайш инқирози учун ўзига хос қасос бўлди ва кўп жиҳатдан Тетчернинг бош вазирлик лавозимини мустаҳкамлади. Шу боис, у ҳозиргача энг ёрқин ва энг муваффақиятли Британия сиёсатчиларидан бири ҳисобланади.

Бир қарашда Елизавета II ва Тетчер Британияни бошқарган, бир-биридан атиги олти ойлик фарқ билан туғилган икки аёл тил топишиши керак эди. Бироқ, иккаласининг таржимаи ҳоли ва матбуот улар ўртасидаги муносабатлар жуда кескин бўлганини кўрсатади.

1986 йилда "The Sunday Times" газетаси Елизавета IIнинг ёрдамчиларига иқтибос келтирган ҳолда қиролича ўз бош вазирининг сиёсатидан жуда норози бўлганини ёзган. Тетчер Жанубий Африкада апартеидга қарши санкцияларни қўллашни қатъиян рад этади, бу Қироличанинг фикрича, Британиянинг минтақадаги бошқа давлатлар билан муносабатларига путур етказади ва Ҳамдўстликнинг қулашига олиб келади. Ўз навбатида, Букингем саройи оммавий ахборот воситаларидаги ушбу хабарларни рад этган.

Қурол остидаги тож

Қутқарувчилар жасадни сувдан олиб чиқишмоқда. Фожиа Ирландия республика армияси (ИРА) жангчилари қироличанинг амакиваччаси граф Луи Маунтбаттен бўлган яхтани портлатиб юбориши натижасида рўй берди. Ирландия, 1979 йил 27 август. Фото: Максвелл / AP

Ирландиядаги «тартибсизликлар» сусаймади. 1979 йил 27 августда ИРА жангчилари Елизавета IIнинг амакиваччаси, 79 ёшли лорд Луи Маунтбаттеннинг яхтасини портлатиб юборишади. У оиласи билан Ирландия шимоли-ғарбидаги ёзги уйда дам олаётган ва ўша куни балиқ овлашга кетаётган эди. Маунтбаттен билан бирга унинг набираси, қизининг қайнонаси ва яхтада ишлаган ирландиялик бола ҳам ҳалок бўлади. Ўша куни ИРА Ирландия шимоли-шарқида Британия конвойини ҳам портлатиб юборди, натижада 18 нафар аскар ҳалок бўлган.

1984 йил 12 октябрда ирланд экстремистлари Британия Консерватив партиясининг қурултойи бўлиб ўтаётган Брайтондаги Гранд Ҳотелни бомбардимон қилади. Беш киши ҳалок бўлади, 30 дан ортиқ киши яраланади. Бош вазир Маргарет Тетчер мўъжизавий тарзда ушбу ҳужумдан омон қолади.

Узоқ кутилган ярашув

Буюк Британия қироличаси Елизавета II Шимолий Ирландия биринчи вазири ўринбосари Мартин МакГиннес билан қўл бериб кўришмоқда. Унинг ёнида биринчи вазир Питер Робинсон турибди. Бельфаст, 2012 йил 27 июнь. Фото: Пол Файт / Реутерс

1998 йилда Бельфаст битимининг имзоланиши билан тинчлик жараёни бошланади. 2011 йилда қиролича Елизавета II 100 йил ичида Ирландия Республикасига ташриф буюрган биринчи Британия монархига айланди. Ва 2012 йилда қиролича биринчи марта амакиваччасини ўлдириш пайтида гуруҳни бошқарган ИРАнинг собиқ раҳбари билан учрашди ва унинг қўлини сиқди.

«Бу воқеалар барчамизга, кўпчилигимизга таъсир қилди ва оғриқли мерос бўлиб қолмоқда. Биз ҳалок бўлганлар ёки яраланганларни ва уларнинг оилаларини ҳеч қачон унута олмаймиз. Орқага назар ташлайдиган бўлсак, биз ҳаммамиз ниманидир бошқача қилишимиз ёки умуман қилмаслигимиз кераклигини тушунамиз», деган эди қиролича Дублиндаги нутқида.

Монархия эволюцияси

1985 йилда Энди Уорхол томонидан чизилган Елизавета II портрети. Қироличанинг юбилейи муносабати билан картина Sothebyʼsда намойиш этилган. Лондон, 2022 йил май. Фото: Алберто Пеззали / AP

Британия ва дунё билан бир қаторда Британия монархиясининг ўзи ҳам тез ўзгариб борди. Елизавета II даврида у тобора очиқ бўлиб борди: Букингем саройига экскурсиялар ташкил этила бошланди ва қироллик оиласи аъзолари ҳаётидаги асосий воқеалар оммавий тарзда бутун дунёга эфирга узатилди.

Қироллик оиласи аъзолари ҳам протоколдан чиқиб, оддий британияликлар каби кийиниб, ҳатто жамиятнинг қуйи қатламлари вакиллари билан турмуш қурди.

Халққа янада яқинроқ

Елизавета II ва шаҳзода Филипп «Қироллик юришида». Фото: Тим Граҳам/Getty Images

Британия қироличаси кўпинча ўзгаришларга ўзини намуна қиларди. 1970 йилда Елизавета II аҳоли билан мулоқот қилишнинг янги амалиётини жорий этди. «Қироллик юриши» деб номланган ушбу тадбирларда у шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилар, оддий одамлар билан саломлашиб, мулоқот қиларди. 1992 йилдан бошлаб, Британия монархи ҳатто солиқ тўлашни бошлади.

Бундан ташқари, Британия қироличаси ҳазил туйғуларидан холи эмас эди: у Лондондаги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида набираси шаҳзода Гарри билан биргаликда АҚШ президенти Барак Обамага ҳазил видеомурожаат йўллайди.

«Келинг, ўзимизни жуда жиддий қабул қилмайлик. Ҳеч биримиз доноликда монополияга эга эмасмиз», дейилади монархнинг ўша мурожаатида.

Қиролича бетараф бўлганми?

Қиролича Елизавета II оиласи даврасида. Чапдан ўнгга малика Анна, шаҳзода Эндрю, шаҳзода Филипп, қиролича, шаҳзода Эдуард ва шаҳзода Чарльз. Букингем саройи, 1972 йил. Фото: Fox Photos / Getty Images

Елизавета II ҳеч қачон сиёсий позициясини билдирмаган ва ҳукуматининг ҳаракатларини танқид қилмаган. Аммо бу Британия қироличаси ўз ватанида ва жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеаларни эътиборсиз қолдирганини англатмайди. Унинг сўзлари ҳамиша тинчликка интилиш билан суғорилган, оғир ва машаққатли дамларда халқни руҳлантирган, ёруғ келажакка умид бахш этган.

«Мен сизни жангга олиб бормайман ва қонун ёзмайман. Мен юрагимни ва ўз садоқатимни ушбу эски ороллар ва Буюк Британия халқига бағишлашим мумкин», деган эди монарх.

Яширин таъсир

Қиролича Елизавета IIнинг Қироллик ҳаво кучлари базасига ташрифи. Марҳэм, Англия, 2008 йил 4 февраль. Фото: Getty Images

Елизавета IIнинг Буюк Британиянинг сиёсий ҳаётидаги ўрни фақат рамзий, деб ўйлаш хато бўлади. "The Guardian" газетаси ўтказган ўрганишда қиролича ва унинг адвокатлари қироллик оиласи манфаатларига мос келадиган қонунчиликка ўзгартириш киритиш учун лоббичилик қилишга муваффақ бўлгани аниқланган.

Бунинг учун улар «қироллик розилиги» тартиб-қоидасидан фойдаланишади. Унга кўра, агар қонун лойиҳаси қироллик оиласининг имтиёзлари ва шахсий манфаатларига дахлдор бўлиши мумкин бўлса, парламент монархнинг розилигини олиши керак эди.

Мисол учун, Миллий архив ҳужжатларига кўра, 1970 йилларда Елизавета IIнинг шахсий адвокати вазирларга монархнинг улушини ошкор қилмаслик учун Молиявий шаффофлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўзгартиришни талаб қилиб, босим ўтказган.

Турмуш ўртоғининг ўлими

Қиролича Елизавета II ва унинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп Мальтадаги асал ойида. Шаҳзода у ерда Қироллик денгиз флотида хизмат қилган. 1947 йил. Фото: Getty Images

2021 йил 9 апрелда Елизавета IIнинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп 99 ёшида, юз йиллик юбилейига икки ой қолганда вафот этди. Уларнинг ўғли шаҳзода Эндрюнинг сўзларига кўра, бу йўқотиш қиролича ҳаётида катта бўшлиқ қолдирган.

Бироқ, эри вафотидан атиги тўрт кун ўтгач, Британия монархи қироллик вазифаларига қайтган. Шунингдек, у Филиппнинг дафн маросимида матонат ва чидамлилик кўрсатди ва у билан видолашувга унинг тахтга ўтиришидан олдин Мальтада олинган фотосуратни олиб кетди.

Татимаган юбилей

Қиролича платина юбилейи маросимида оиласи даврасида: чапдан - шаҳзода Чарльз рафиқаси Камилла билан, ўнгдан - шаҳзода Уильям рафиқаси Кэтрин ва болалари: шаҳзода Жорж, малика Шарлотта ва шаҳзода Луи. Букингем саройи, 2 июнь, 2022 йил. Фото: AP

2022 йил июнь ойида Елизавета II ўзининг платина юбилейини – тахтга ўтирганига 70 йил тўлишини нишонлади. Байрамда ҳарбий парад, концертлар, Қиролича ва қиролликка бағишланган кўплаб кўргазмалар ташкил этилди.

Аммо мамлакатда бошланган сиёсий инқироз туфайли бу байрам сояда қолиб кетди. Бош вазир қароргоҳи — Даунинг-стритда локдауннларни бузган партиялар туфайли ишончсизлик вотумидан қочишга муваффақ бўлган Бош вазир Борис Жонсон янги жанжалга аралашиб қолди. Бу 7 июль куни унинг истеъфога чиқишига мажбур қилди.

Жонсонни ўрнини ҳукмрон Консервативлар партияси раҳбари, аввал ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Лиз Трасс эгаллади. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Елизавета II Шотландиядаги Балморал  қасрида Трассни Буюк Британия бош вазири лавозимига тайинлади.

Қироличанинг ўлими

Фото: Getty Images

Учрашувда қиролича жуда чарчади, шекилли, шифокорлар унга дам олишни ва 7 сентябрга режалаштирилган Махфий кенгаш йиғилишини бекор қилишни тавсия қилишди. Танаффусга қарамай, қироличанинг аҳволи ёмонлашда давом этди ва бу шифокорларни жиддий ташвишга солди. 8 сентябрь куни тахт вориси шаҳзода Чарльз ва қироличанинг қолган фарзандлари, шунингдек, унинг неваралари шаҳзода Уильям ва Гарри Балморалга жўнаб келишди.

Шу куни Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Кутилганидек, эртаси куни шаҳзода Чарльз Буюк Британия қироли, деб эълон қилинди. Тез орада у қироллик бўйлаб мотам сафарига чиқади ва ҳудудлар раҳбарияти, шунингдек, оддий фуқаролар билан учрашади. Қироличанинг жасади Шотландиядан Вестминстер саройига кўчирилади. Елизавета IIнинг дафн маросими унинг вафотидан 10 кун ўтиб, 18 сентябрь куни Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтади.

Фазлиддин Абилов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер