Очиқлик бор жойда коррупция қисқаради
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти очиқлиги сиёсати амал қила бошлагач, яширин иқтисодиёт бир мунча қисқариб, иқтисодий барқарорлик таъминлана бошлади. Очиқлик, ошкоралик ва сўз эркинлиги пана-пастқам жойларда ўзининг шахсий ва ғаразли мақсадларини амалга оширишга уринаётган манфаатпараст кимсаларнинг хуфёна режаларини чилпарчин қиляпти. Эндиликда жамиятда очиқликни таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтиришни ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Президентимизнинг жорий йилнинг 16 июнь куни имзолаган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилган.
Фармонида белгиланганидек, эндиликда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари ўз фаолиятига оид ҳисоботларни расмий веб-сайтларига жойлаштиради ва уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради.
Ҳисобот ва маълумотларни веб-сайтлар орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинишидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг давлат ташкилотлари ва корхоналари ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, иш фаолияти натижалари ҳақида етарли тушунчага эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Очиқликнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, юртимиз иқтисодий юксалиши, тараққиётини таҳлил қилиш ва бошқа хорижий давлатлар билан қиёслаш имконияти пайдо бўлади.
Шунинг учун ҳам Фармонда 2021 йил 1 июлдан бошлаб мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб бориш белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, очиқлик бор жойда коррупция қисқаради. Коррупциянинг бартараф этилиши эса давлатнинг, жамиятнинг ва халқимизнинг эркин ҳамда фаровон ҳаёт қуришида, мамлакатнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг