Нусрат аканинг лимончилик мактаби

15:03 08 Февраль 2024 Жамият
407 0

Ҳаммаси Нусрат Саидовнинг бундан 28 йил муқаддам иссиқхонанинг бир четида икки туп лимон кўчати ўтқазишидан бошланди. Тажриба, шунчаки бир қизиқиш юзасидан бажарилган бу иш йиллар ўтиб, бутун бошли лимончилик мактабининг яратилишига олиб келишини ким билибди, деймиз?

— Ўшанда икки туп дарахтдан олинган ҳосилни сотиб, бир бош қорамолнинг пулига тенг миқдорда даромад қилганмиз, — дея эслайди Бухоро вилояти Пешку тумани Ибн Сино қишлоғида яшовчи Нусрат ака. — Шундан сўнг лимончиликни йўлга қўйишга киришдик. Сизга ёлғон, менга чин, лимон етиштириш кишига ҳузур бағишлайди. Киши ундан ростманасига барака топади.

Тадбиркор деҳқоннинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас. “Пешку лимончилик равнақи” фермер хўжалигига қарашли 8,5 гектар майдоннинг бир гектарида лимонзор барпо этилган. 30 сотих ерда эса лимон, апельсин, мандарин сингари цитрус мевалар кўчати етиштирилмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда етиштирилаётган лимон, хусусан, унинг “Тошкент” нави алоҳида қадрланади. Дейлик, ўзга юртлардаги шифобахш бу неъматнинг таркибида уч фоиз кислота бор. “Тошкент” навли лимонда эса бу кўрсатгич тўрт фоизни ташкил этади. Шунингдек, бир фоиз шакар моддаси мавжуд. Қолаверса, у қисқа муддат давом этган икки даражали совуққа чидамли. Мабодо, иссиқхона икки қаватли полиэтилен плёнка билан қопланган бўлса, 8 даражали совуққа бардош беради. Бунинг устига жуда ҳосилдор. Фермернинг айтишича, у бир гектар лимонзордан ўтган мавсумда 30 тонна ҳосил олган. 400 миллион сўм атрофида даромад қилган.

— Биласиз, иссиқхоналарда ҳароратни бир меъёрда сақлашнинг ўзи бўлмайди, — дейди кўмир ва ўтин воситасида иситиш тизимини йўлга қўйган Нусрат ака. — Тажриба кўрсатяптики, бир гектар ердаги помидор ва бодрингни етиштириш учун мавсум давомида 300 – 400 миллион сўмлик ёқилғи сарфланади. Бир гектар майдондаги лимонарий учун эса 20 миллион сўмлик ёнилғи кифоя.

Таъкидлаганимиздек, “Пешку лимончилик равнақи”да кўчатчилик билан ҳам шуғулланишмоқда. Қаламча усулидаги лимон кўчати одатда, уч йилда тайёр ҳолга келади. Фермер хўжалиги жорий мавсумда цитрус мевали дарахт кўчатларини сотиш эвазига 40 миллион сўм даромад кўрди. Биз ҳали иссиқхонада помидор ва бодринг, шунингдек, экин жўяклари орасида қовоқ етиштиришдан олинаётган фойда ҳақида тўхталганимиз йўқ.

Тиниб-тинчимас фермер учун вақт олтинга тенг. Биз билан суҳбатлашаяптию, юк машинасига кўчат ортиб, буюртмани адо этгани Самарқандга отланмоқда. “Пешку лимончилик мактаби” сифатида танилган фермер хўжалиги учун бу одатий ҳолга айланган. Ўн киши доимий ишлайдиган бу жамоага нафақат Бухоро, мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларидан буюртмалар тушмоқда. Нусрат аканинг ўзи атайин бориб, у ёки бу гўшада лимонзор барпо этишга бош-қош бўлади, уч йил давомида буюртмачига кўчат парвариши юзасидан зарур маслаҳатлар беради.

Бу ташаббускор инсоннинг саъй-ҳаракати билан шу кунга қадар республикамиз бўйича аҳоли томорқаси, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларини қўшиб ҳисоблаганда 62 гектар ерда лимонзорлар барпо этилди. Тажрибали фермер Жондор туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими томонидан ташкил этилаётган амалий машғулотларда ёшларга лимончилик сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

Туркия, Украина, Исроил давлатларида малака ошириб қайтган, “Шуҳрат” медали, “Илғор фермер” кўкрак нишони соҳиби Нусрат Саидовнинг Франциядан келтирилган ўрик, Япония ва АҚШ дан олиб келинган узум навларини пайвандлаш йўли билан кўпайтириш борасидаги изланишларининг ўзи алоҳида мавзу.

Айтмоқчи, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати саналган Нусрат ака яшаётган қишлоқда 176 та хонадон мавжуд. Шунинг 170 тасида иссиқхона бор. Кимдир помидор, бодринг, кимдир булғор қалампири, резавор кўкатлар, яна кимдир лимон етиштириш билан банд. Одатда, бундай гўшаларда иш излаб, олис ва совуқ ўлкаларга кетаман, деганни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер