Нуротада “Нурли наволар” халқаро фестивали ўтказилди

19:24 23 Июнь 2023 Жамият
737 0

Фото: “Халқ сўзи”

2018 йили қадим анъана ва қадриятларимизни ардоқлаш, фольклор санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида Навоий вилоятининг Нурота туманида фольклор жамоалари ўртасида илк бор “Нурли наволар” халқаро фестивали ўтказилган эди.

Шундан буён Нурота тумани мезбонлигида ўтказиб келинадиган ушбу фестиваль маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлиги, узвийлиги ва улуғворлигини тарғиб этиш, ёшларни аждодларимиздан мерос улкан маънавий хазинадан баҳраманд бўлиш ҳамда уларда миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини юксалтиришга хизмат қилувчи тантанага айланди.

Бу йил фестивалга дунёнинг 10 га яқин давлатлари, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан фольклор жамоалари қатнашди. Бундан ташқари, анжуман ўз атрофига мумтоз мусиқа санъатининг илмий тадқиқотчилари, хориждан келган 100 га яқин сайёҳларни ҳам жамлади.

Мумтоз куй-қўшиқлар байрамида “Сўзана ва кашта” миллий ҳунармандчилик ярмаркаси, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказлари аъзолари иштирокида ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови, сайиллар ўтказилиб, мамлакатимизнинг дунёга машҳур миллий мусиқа ва чолғулари уйғунлигидаги саҳналаштирилган дастурлар намойиш этилди.

— Ҳар бир давр ўз эстетик эҳтиёжи, имконият ва талабларидан келиб чиқиб, фольклорга мурожаат этади,—дейди фольклоршунос олим Дилрабо Қувватова. – Шу боис бу каби маданий тадбирлар ижодий жамоалар учун шунчаки саҳна эмас, балки саҳна либосларини тайёрлашда ҳудудий ўзига хосликни сақлаш, байрам ва маросимларда миллий либослар билан боғлиқ қадриятларни оммалаштиришда ҳам қўл келади.

Анжуман дастури доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган “Гулрух”, “Қасри Орифон”, “Шодиёна”, “Ёр-ёр”, “Чинор”, “Булбулигўё”, “Бувижонлар”, “Авазхон”, “Китоб оҳанги” каби 13 та фольклор-этнографик жамоа ўзлари тайёрлаган куй-қўшиқлари билан бирга бир-бирини такрорламас саҳна либосларини ҳам намойиш этдилар.

Фестиваль якунида фольклор жамоалари иштирокида гала-концерт уюштирилиб, совриндорлар муносиб рағбатлантирилди.

     Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер