Нурободда иккита қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланди

17:03 24 Декабрь 2024 Жамият
175 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон айни қуёш энергияси имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида илғор ва истиқболли ташаббусларни илгари суриб, юртимизнинг турли ҳудудларида қуёш фото-электр станцияларини қуриш ишларини жадал олиб бормоқда.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб давлатларида қайта тикланувчи энергия станцияларини қуриб ишга тушириб келаётган Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда яна бир янги лойиҳада ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу компаниянинг инвестицияси асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Нуробод туманининг Сазағон ва Олға массивлари ҳудудида ташкил этилмоқда. Ушбу йирик лойиҳа мамлакат иқтисодиёти, одамлар ҳаёти фаровонлиги учун яна бир катта имконият яратади. Сазағон кенгликларида ястаниб ётган мазкур ҳудудлар йиллар давомида бўш турган майдон эди. Эндиликда бу ерда умумий қуввати 1 000 МегаВатт бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш ишлари бошланди.

— Бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик қуёш фотоэлектр станциясидир, — дейди “ACWA Power” компанияси вакили Шамшод Шукуров. — Лойиҳа учун қарийб 3 минг гектар ер майдони ажратилди. 1 миллиард 807 миллион АҚШ долларилик лойиҳа қуввати 1000 мегаватт (1 гегаватт) бўлган қуёш фото-электр станцияси, 700 километр электр ҳаво узатиш тармоқлари ва 1000 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими қурилишини ўз ичига олади. Қуёш фото-электр станциясининг биттаси Сазағонда (100 мегаватт), иккинчиси Олғада (900 мегаватт) қурилади. Лойиҳани амалга ошириш учун 2023 йил 19 апрелда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “ACWA Power” компанияси билан инвестиция битими, ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан битим имзоланган.

Объектларни лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишлари Ҳиндистоннинг Larsen&Toubro ва маҳаллий компаниялар томонидан амалга оширилади. Қурилиш даврида 700 тагача, объектлар тўлиқ ишга тушгандан сўнг 30 та доимий иш ўрни яратилади.

— Бу компаниянинг Ўзбекистондаги биринчи иши ҳисобланади, — дейди Larsen&Toubro компанияси вакили Константин Дугин. — Қурилиш ва станцияларни тармоққа улаш ишлари 2,5 йил давом этиши кўзда тутилган. Биз бу даврда лойиҳада белгиланган барча юмушларни ўз вақтида сифатли амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Лойиҳанинг дастлабки қувватлари 2026 йил якунига қадар тармоққа уланиб, 2027 йил тўртинчи чорагида тўлиқ ишга туширилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида 2340 миллион кВт соат ёки 975 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Рақамлардан кўриниб турибдики, ушбу лойиҳа халқимиз ҳаётини янада яхшиланишида катта аҳамиятга эга ташаббуслардан биридир. Мазкур станциянинг қуриб ишга туширилиши билан 709 миллион метр куб табиий газ тежалиб, 983 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олдини олиш имконияти яратилади.

Дарвоқе, лойиҳа доирасида станцияни тармоққа улаш учун янги 500 кВ кучланишли “Нуробод” подстанцияни ва мазкур подстанциядан Тошкент вилоятидаги Халқа-500 подстанциясигача 2 та 500кВ кучланишли 350 километр узунликдаги ҳаво электр узатиш тармоқлари ҳам қурилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида “Нуробод” ва Қоракўл подстанцияларида қуввати 500 Мегаватт соатдан бўлган 2 та батарея барпо этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?