Нурафшонда ўтказилган «Очиқ осмон остидаги мактаб» лойиҳаси ногирон ёшларни бирлаштирди

12:43 19 Май 2022 Жамият
1346 0

Жорий йилнинг 18 май куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар амфитеатрида Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими ҳамкорлигида «Очиқ осмон остидаги мактаб» ижтимоий, мобил-методик тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ногиронлиги бўлган болаларнинг ижодий чиқишлари, уларнинг қўл меҳнатлари жамланган ярмаркалар бўлиб ўтди.

— «Очиқ осмон остидаги мактаб» лойиҳаси ўз номи билан очиқ осмон қўйнида «Темир дафтар»га кирган, ногирон фарзандли оилаларни, етим болаларни бирга жамлади. Ўзингиз кўриб турганингиздек, имконияти чекланган болалар нималарга қодир эканликларини яна бир бор исботлашди. Менинг ўйлашимча, булар ногирон эмас, булар жамиятнинг бир аъзоси. Улар ҳам ижтимоий ҳаётга бевосита алоқадор ва буни Паралимпия ўйинларида яққол гувоҳи бўлдик, — деди Чирчиқ Давлат педагогика институти Педагогика кафедраси мудири Ферузахон Қодирова.

Бундай ижтимоий кечадан мақсад ногиронлиги бўлган болаларда таълим олиш ва касб танлаш мотивациясини ошириш усул ва йўлларини ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда маҳалла мутасаддиларига интенсив ўргатувчи комплекс (психологик, педагогик, дефектологик) хизматларни амалга оширишдир.

— Ҳозир мамлакатимизда барча тоифадаги қатлам эгаларига бирдек эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг соғлиғи, уларнинг қобилият ва имкониятларидан келиб чиқиб президентимиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича янгидан янги тизимларни ишлаб чиқдилар. Хусусан, ногирони бор оилаларни ҳар томонлама ижтимоийлаштириш, уларни касбга йўналтириш, иш билан таъминлашга доир юртбошимиз 10 дан ортиқ қарорларни қабул қилди. Шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар учун янги «Меҳр дафтари» ишлаб чиқилди. Бугунги тадбир ҳам айни шу масалаларни ҳал қилишда ёрдамчи вазифасини ўташига ишонаман, — деди «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари О.Мусурманова.

Бундан ташқари, тадбирда Лойиҳа «Мобил гуруҳи» комплекс таълим тақдимоти ўтказилди. Турли ёшдаги ногиронлиги бўлган болалар учун интеллектуал, қизиқарли машғулотлар, ногиронлиги бўлган болалар хулқ атвори ва IQ психодиагностика, мақсадли психологик маслаҳатлар ва тренинглар, ёш оилаларга педагогик тарбия тренинглари, ёш оталарга маслаҳатлар, маҳалла мутасаддилари учун мастер класслар маҳоратли педагог ва психологлар томонидан ташкиллаштирилди.

— Биз тадбирдан кўзланган мақсадга етдик, ҳисоб. Ногирон болаларнинг кўзидаги қувонч бизнинг ютуғимиз. Уларни аста-секинлик билан жамиятга қўшиш, келажакда ўзларига муносиб касб топиши учун ёрдам бериш эса бизнинг бурчимиз. Бундай тадбирлар республиканинг барча вилоятларида тизимли ўтказилади, албатта, — деди Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлим бошлиғи М. Умаралиева.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?