Нукусдаги «Жанабазар»да янги МТТ фойдаланишга топширилди

Фото: Халқ сўзи
Нукус шаҳридаги «Жанабазар» маҳалла фуқаролар йиғини бир пайтлар ижтимоий-иқтисодий оғир ҳудудлар рўйхати бошида турган бўлса, сўнгги 3-4 ой ичида бу ерда олиб борилган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари самарасида бутунлай янги қиёфа касб этиб, бугун обод манзиллардан бирига айланди.
Ҳудудга йўл, газ, электр ва сув тармоқлари янгидан тортилиб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга эришилди. Шунингдек, маҳаллада янги хизмат кўрсатиш, савдо шохобчалари ва ижтимоий объектлар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Куни кеча «Жанабазар»да 60-сонли мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистонда боғча ёшидаги болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олишга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижалар алоҳида таъкидланди. «Нукус Искер» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган ушбу янги боғчанинг рамзий калити муассаса раҳбарига топширилди.
— Икки қаватдан иборат замонавий боғчанинг ишга туширилганидан маҳалла аҳолиси, айниқса, ёш оилалар жуда хурсанд, — дейди 60-сонли МТТ раҳбари Венера Утешова. — Негаки, маҳаллада бундан олдин биттагина боғча бўлиб, ҳудуддаги 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш имконсиз эди. Янги боғчамиз 120 ўринли бўлиб, илғор педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия бериш учун барча қулайликлар яратилган. Дарвоқе, муассасамиз ишга тушиши билан 28 ходим доимий иш ўрнига эга бўлди.
Маълумот учун. Нукус шаҳридаги «Жанабазар» МФЙда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 643 нафарни ташкил этади ва янги боғча фойдаланишга топширилиши билан уларнинг жами 284 нафари МТТга қамраб олинди.
Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг