Шаҳар чиройига доғ тушмасин

Осмонўпар бинолару бир-биридан гўзал меъморий ечимдаги ҳашаматли иншоотлар, турфа дарахтлару гулларни ўзида жамлаган истироҳат боғлари, шаҳарнинг қон томиридек уни яшнатиб турган азим Анҳор ва унинг атрофидаги сўлим гўшалар... Э-ҳе, айтаверса, тугамайди. Буларнинг бари — бор-йўғи саккиз йил ичидаги ўзгаришлар. Айни чоғда ҳам бунёдкорлик суръати тўхтагани йўқ, тезкорлик шиддатидан хорижликлар ҳам лол...
Мана шундай фусункор кентда ким ҳам яшашни истамайди дейсиз? Пойтахтга инвестор сифатида дунёнинг турли чеккаларидан келаётган тадбиркорларнинг кўпайиб бораётгани, яқин ўтмишда “нон шаҳри” сифатида тилларда достон бўлган қадимий кентнинг сайёҳлигу меҳмондўстликда ҳам шуҳрати ошаётгани янада қувончли. Аммо шундай муаммо ҳам борки, буни айтсакми ёки йўқ, кўп ўйладик...
Бу ўринда гап шаҳарга зилол сув бўлиб кираётган обиҳаётнинг жуда кирланиб, турли латта-путталарга ва бошқа айтиб бўлмайдиган нарсаларга тўлиб, бижғиб чиқаётгани, буни биров эмас, айнан ўзимиз қилаётганимиз ҳақида.
Маълумотларга кўра, пойтахтимизга минглаб қувурлар орқали бир суткада ўртача 1,9 млн., ёз чилласида 2,4 млн. кубометргача ичимлик суви юборилади. Канализация орқали қайтиб чиқаётган сув ҳажми эса 30 — 35 фоизга кам. Демак, биз сувни увол қиляпмиз, обиҳаётсиз бир кун ҳам яшай олмаслигимизга ақлимиз етадию, аммо ҳар куни шаҳар бўйича камида 400 минг куб метрдан кўп обиҳаёт ҳавога учяпти... Мавзудан чалғимайлик, бу ҳақда навбатдаги мақоламизда батафсил тўхталамиз.
Бугунги муаммо — пойтахтнинг канализация тизимидан ҳар куни чиқаётган 1,5 млн. кубометрдан кўп ифлос сувнинг нечоғли катта харажатлар эвазига тозаланаётгани-ю, бу меҳнат қадр-қимматини кўпчилик тушунмаётганида. Бу бўтана сув узлуксиз равишда “Салар”, “Бўзсув”, “Бектемир” тозалаш иншоотларига келиб тушади. Шу учта иншоотнинг энг каттаси — Салар тўйинтириш иншооти бугунги кунда шаҳар ичкарисида қолган ва унга келиб тушаётган бадбўй чиқиндилар ҳиди Қумариқ, Бобур, Ўзгариш маҳаллаларидаги минглаб хонадонларда яшаётган одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
— Кеч кирдими, бас, бадбўй ҳид кучаяди, одамни бўғар даражада, айниқса, уйга меҳмон келганда хижолатдан ўзимизни қўйишга жой тополмай қоламиз, — дейди Қумариқ маҳалласида яшаётган Заҳро Иминова. — Ҳовлига чиқиб бўлмайди, қўлансани қайтарсин, дея райҳон баргларидан юлиб уйга кирамиз, қаёқда дейсиз, баттар бўлса бўладики, асло камаймайди. Аҳволни ўнглайдиган бирорта мард бормикин? Телевизорда экология бўйича бу ишни қилдик, шаҳарнинг бу ери обод бўлди деб гапиришади-ю, аммо пойтахтдаги мана шу сассиқ ҳидни йўқотиш ҳақида ҳеч ким қайғурмаяпти.
Муаммо ўрганилган, аммо...
Рост, аҳолининг арз-ҳолига бундан тўрт йил илгари ҳукумат томонидан эътибор қаратилди. Натижада канализация тармоғига чиқинди ташлаётган корхоналар сони бироз камайди. Қуйи Чирчиқ туманидаги Сурум ҳудудига бўтана сув иншоотини кўчириш бўйича лойиҳалар тайёр эканлиги ҳам айтилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг матбуот хизмати 2021 йил 4 август куни эълон берди ҳам. Шу билан мутасаддилар халқнинг ҳақли эътирозига тоғни талқон қилгандек жавоб беришди, гўё. Энди сезиляптики, ваъда қоғозда қолган, қарорлар ҳам, ҳокимнинг ваъдаси ҳам. Дарвоқе, ўшанда шаҳар ҳокими бошқа эди. Фалончининг лафзига кейингиси жавоб бермайди. Бу аччиқ ҳақиқат.
— Невараларимнинг иккитаси шу бадбўйлик туфайли аллергияга чалиниб қолди. Муттасил даволаняпти, додимни кимга айтишни билмайман. Кўчайлик, десак, ота-бобомиздан қолган жой. Худонинг ғазабига учрагур, бу заводдан қачон қутуларканмиз? — дейди оқова сув билан боғлиқ сассиқ ҳудудда яшовчи Саида Зубайдуллаева.
Ҳамманинг эътиборига тушган ва аҳолининг тинчини ўғирлаган ўша ҳудуд — “Салар” тўйинтириш иншоотининг директори Қобилжон Холимтоевнинг айтишича, бу иншоот бундан 64 йил илгари, яъни 1961 йил қуриб ишга туширилган ва ўша маҳал бу жойлар шаҳарнинг чети ҳисобланган. Кент муттасил кенгайди, айниқса, кейинги етти йилда, аҳоли сони ортяпти, юзлаб кўп қаватли уйлар, ҳайбатли меҳмонхоналар қурилди, янги корхоналар, кафе, ресторанлар, кўнгилочар жойлар бунёд бўлди. Пойтахт ҳудуди кенгайгач, канализация сувини тозалаш иншооти шаҳар ичида қолди, аммо техник ҳолати ҳам, имконияти ҳам ўша-ўша. Натижада зўриқиб ишлашга ўтди ва бугун суткасига 850 — 900 минг кубометр лойқа сув катта тезлик билан кириб келаётган ҳавзада 213 киши тўрт сменада ишлаяпти.
Нега тўйинтириш иншооти, деб аталади дерсиз? Бу ерга тушаётган ифлос сув махсус тўрдан ўтказилиб, турли чиқиндилардан тозалангач унга махсус ҳавзаларда кислород пуркалади, бу, ўз навбатида, шаҳардан кириб келган сувдаги микроорганизмларни уйғотади ва улар иштаҳа билан балчиқсимон сувни ямлашга, шу орқали тозалашга тушади. Тўйинтириш дегани — шу. Буни ифлос сувни биологик усулда тозалаш деса ҳам бўлади. Тўрт карра тозалашдан сўнг лойқали сув экинларни суғорса бўладиган обиҳаётга айланади, аммо ичишга ярамайди.
— Энг катта муаммо — канализация сувига аҳоли томонидан турли маиший чиқиндиларнинг ташлаб юборилаётгани, — дейди Қобилжон Холимтоев. — Баъзан одамлар ҳовлисида сўйилган қўй-эчкиларнинг ичак-чавоғию ахлатини ҳам сувга ағдаради. Томорқасидаги қуриб қолган гуллару ниҳолларнинг поясини ҳам канализация тармоғига отади. Яна кимдир боласининг ишлатилган памперсини ва бошқа нарсаларни ташлайди. Ҳаммаси шу ерга оқиб келади ва моторларимизга тиқилиб уларни куйдиряпти. Шу боис чиқиндиларни тутиб қоладиган тўрлар қўйдик. Биласизми, шу тўрлардан ҳар куни 3 тоннадан ортиқ чиқиндини тортиб оламиз. Бунинг турган-битгани ташвиш. Аҳвол шундай бўлгач бу ер сасимай нима қилсин? Шаҳар ўртасида қолиб кўпчиликнинг маломатию дашномини эшитиш бизга-да ёқмаяпти, аммо нима қилайлик? Бадбўйликдан бўғилиб ишлаш ишчиларимизга маъқул келади, деб ўйлайсизми? Устига-устак баъзи ишлаб чиқариш корхоналари чиқиндиси қатори кимёвий воситалар қолдиғини ҳам оқизяпти. Ва очиғи, канализация тармоғига чиқинди ташлаётганларни жаримага тортиб ҳам, огоҳлантириб ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмаяпти.
«Сувга туфлама, уволи бор...»
— Бундан 40 йил аввал ҳозирги Муқимий театри биноси жойлашган маҳаллада ижарада турганман. Уй эгаси — талабчан кампир: “Ахлатни манави челакка солинглар, ариққа ташламанглар, агар сувга тупурсаларинг гуноҳга ботасизлар”, дерди. Ёш эдик, ўша гап қулоғимизда буткул ўрнашди. Бугун-чи? Боболару момоларнинг кўз ўнгида болакайлар, баъзан калондимоғ келинлар ариққа чиқиндини отишяпти, машинасини ичимлик сувида юваётганлар орасида туппа-тузук лавозимда ишлаётганлар ҳам борлигини кўряпмиз. Ҳатто турли маросимлардан ортиб қолган овқат қолдиғи, қотиб қолган нонларни ҳам сувга отаётганлар учраяпти. Бунга ҳеч ким миқ этмайди, гапирсанг, пулини тўлаяпман-ку, сизга оғирлигим тушяптими, дейди. “Маҳалла еттилиги” деганлариям бу масалага эътибор қаратмаяпти, — дейди пойтахтлик Шайдулло Юнусов.
Турли йўналишда тадбиркорликка қўл уриб, пойтахт ичида янги иш ўрни яратган, корхона ташкил этган одамлар бизга бегона эмас, сизу бизга қўшни. Давраларда дину диёнатдан маслаҳат беришни ҳам яхшигина эплайди улар. Афсуски, баъзи ишбилармон кишилар юзлаб одамларни иш билан таъминлашу давлатга юз миллионлаб солиқ тўлаш орқали иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган бўлса-да, ишлаб чиқариш жараёнида пайдо бўлган чиқиндиларни ё заҳарли кимёвий воситаларни, баъзан кушхонасидан чиққан ахлатни “Махсустранс” қутисига ташлаш ўрнига канализация тармоғига улоқтирмоқда.
— Шу йил 5 май куни Сергели туманидаги “Barakat ALFA”га, 15 майда Янгиҳаёт туманидаги “Eko Boch”га, 14 май санасида “Original teхtilе and Print” корхонасига канализацияга жуда ифлос нарсалар ташлаётгани учун огоҳлантириш хатлари жўнатдик, — дейди “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ масъул ходими Шерзод Ҳожиметов. — 2 июнь куни “Saft textilе”га, 9 июнда эса “Alitex 2”га эътирозномалар юборилди. Ҳатто мана шу “Alitex 2” МЧЖга бир ой олдин, яъни 26 майда ҳам қонун талабига кўра ишланг, акс ҳолда тармоқдан узиб ташлаймиз, дея билдиришнома берилган. Минг афсуски, пировард натижа қониқарли эмас, қонунбузарлик тўхтагани йўқ. Аҳолининг норозилиги эса бизга ҳам малол келяпти.
...“Бўзсув” сув тозалаш иншоотидамиз. Бу корхона ҳудуди 122 гектарни эгаллаган бўлса-да, пойтахтдан ташқарида жойлашган, бир суткада 600 минг куб метргача (шаҳарнинг 5 та ва вилоятнинг иккита туманидан чиқаётган) ифлос сувни тозалаяпти. Бироқ бу жойда ҳам муаммо ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари лоқайдлиги билан боғлиқ.
Иншоот директори Жамшид Зуфаровнинг айтишича, тўқимачилик корхоналари оқизиб юбораётган кимёвий бўёқ чиқиндиси сувни тозалаб бўлмайдиган даражага олиб келмоқда.
— Бўёқ қолдиғи шу қадар заҳарлики, унинг сувга тушиши оқибатида микроорганизмлар ўлиб кетяпти. Биологик усулда канализация сувини тозалаш имкони бўлмаяпти. Бунинг она табиатга тиклаб бўлмайдиган зарар эканлигини ўйласак, беихтиёр “дод” деворасиз. Қонун ишламаяпти, ҳамма гап ана шунда. Оқова сувлар ва чиқиндилар бўйича қонуний чораларни, жавобгарликни кучайтириш керак. Кимга ва қаерда жойлашганига қарамай, канализацияга чиқинди ё заҳарли моддалар ташлаётган корхона катта жарима тўласин, унинг раҳбари жавобгарликка тортилсин, шунда вазият изга тушади, — дейди Ж. Зуфаров. — Менимча, қонунни муттасил бузаётган ташкилотларга ичимлик суви ва канализация тўловини кескин ошириш зарур. Ана шунда сув текин эмаслигини раҳбар ҳам, аҳоли ҳам бирдек тушуна бошлайди. Сув нон каби азиз эканлигини, унга чиқинди ташлаш тугул, тупуриб ҳам бўлмаслигини қайта ва қайта таъкидлаш, буни мактабларда, ўқув муассасаларида, маҳалладаги йиғинлару маросимларда айтиш лозим.
«Маблағ керак дейилса, ерни сотайлик»
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ масъули Равшан Ёқубжонов ҳамроҳлигида “Салар” тўйинтириш иншоотидаги иш жараёнини кузатдик. Тўққиз йилки, шу ерда ишлаётган Дилмурод Умметовнинг хатти-ҳаракатлари эътиборимизни тортди. У ҳар гал тўрга илиниб қолган турли чиқиндиларни узун темир асбобида чиқариб оларкан, “Одам ҳам шунақаям тарбиясиз бўладими-я?” дея ғудранади, сўнг беихтиёр бурнига рўмолчасини тутади, шу тариқа бадбўйликдан ўзини ҳимоя қилишга интилади. Бу жараёнда узоқ қолиб бўлмайди, нари кетамиз. Ва Қумариқ маҳалласида қурилиш бошлаган тадбиркор Наврўз Худойқулов мулоҳазаси ёдимизга тушади.
— Биласизми, имкон қидирган, албатта, топади, — дейди у. — Ўзингиз ўйланг, қанчадан-қанча кўп қаватли иморатлар қуриляпти, шунга пулни қаердан олишяпти? Фойдаси борки, бино учун ер ҳам, бунёдкорлик учун ҳам маблағ топиляпти. Бу иншоотни шаҳардан четга чиқариш учун катта пул керак дейишади. Тўғри гап, аммо ҳозир Қумариқ маҳалласида бир сотих жой 35 минг долларга чиқди. Бундан 7 йил бугунгидан ўн карра арзон эди. Талаб катта, одамларнинг уй-жойга интилиши кучайган. Агар ҳар сотих ерни 35 минг доллардан ҳисобласак, демак, бир гектари 3,5 миллион, 96 гектарлик майдон 34 миллион доллар, дегани! Агар эрта-индин, сассиқ завод кўчармиш деган гап шаҳарда овоза бўлса, ҳар сотих ернинг нархи 50 — 60 минг долларга чиқади. Бу катта пул, иншоотни кўчиришга шаҳримиз ҳокими бош бўлса, савобнинг тагида қолади. Ерни сотиш орқали пул расман очиқ-ошкора йиғилса, менимча, ҳамма харажатга етади ҳам. Қолаверса, шу ерни пулига сотиб олган одам ҳам тинч ўтирмайди, балки кўп қаватли уйлар қурар, меҳмонхона бунёд этар ёки истироҳат боғи яратар?! Муҳими, шу тариқа гўзал шаҳримизнинг кўзга чиққан чипқондек турган жойи ҳам меҳр ўчоғига, сайёҳларни мафтун этадиган сўлим маконга айланади. Қўшимча даромадга манба ҳам бўлади. Фақат барча эзгу ишларда ўзимиз ибрат бўлиб диёнатни сўзда эмас, амалда кўрсатмоғимиз, фарзандларимизни, оила аъзоларимизни тозаликка, покизаликка, сувни увол қилмаслигу ҳар бир неъматнинг қадрига етишга одатлантиришимиз керак. Ана шунда инсонийлик йўқолмайди, хонадонда ҳам, маҳаллаю бутун шаҳарда қадримиз баланд бўлади, сувни булғалама, обиҳаётни увол қилма, деган гапга ҳожат қолмайди.
Аммо айни пайтдаги ҳақиқат шуки, биз нафас олаётган ҳавони асраб-авайлаш, сувни тежаб-тергаш, уни булғамаслик, табиатга етказилаётган зарарни камайтириш йўлида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш эса аҳоли саломатлигини сақлаб, ёш авлоднинг соғлом униб-ўсишига хизмат қилади. Шундай экан, сув, ҳаво ва умуман, атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларга панжа орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг