Нукусдаги мактаб «Буюк Британияга саёҳат» йўлланмасини қўлга киритди

17:03 11 Август 2022 Жамият
763 0

Фото: Халқ сўзи

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 3-5 август кунлари Тошкент шаҳрида Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг финал босқичи бўлиб ўтган эди. Ушбу танловда Қорақалпоғистон Республикасидан Нурзада Матжанова ўқиб тушуниш (reading) кўникмаси бўйича энг юқори натижа кўрсатган иштирокчи сифатида эътироф этилди.

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги мазкур танлов натижалари бўйича ҳудудлардаги мактаблар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, қорақалпоғистонлик Нурзада Матчанова таҳсил олаётган Нукус шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактаби 163.4 баллни қўлга киритиб, энг яхши натижа кўрсатган мактаблар рўйхатида 4-ўринни эгаллади.

— Ушбу нуфузли танловда Нурзададан ташқари яна 4 нафар ўқувчимиз фаол иштирок этди, — дейди Нукус шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Венера Утешова. — Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, Халқ таълими вазирлигининг тегишли кўрсатмалари асосида «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловига пухта тайёргарлик кўра бошладик. Бу йилги танловда 8 мингдан ошиқ мактаб жамоалари ичида бизнинг мактаб 4-ўринни эгаллади. Албатта, эришилган ютуқларда мактабимиз чет тили ўқитувчилари Азамат Султамуратов, Азиз Айтимбетов ва Амангул Тажимуратованинг катта ҳиссаси бор. Улар касбий тажрибаси ва маҳоратига таяниб, ўқувчиларда хориж тилларини чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни оширишга астойдил ҳаракат қилишгани бугун ўз натижасини бермоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, мактаб жамоаси «Буюк Британияга саёҳат» йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Ушбу таълим йўналишидаги саёҳатга чет тили ўқитувчиси Амангул Тажимуратова беш нафар шогирди билан бориши режалаштирилган.

Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?