Нукусда ҳам қуёш панеллари ишлаб чиқарилмоқда
Ғайрат Отажонов/“Халқ сўзи”. Мамлакатимизда экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муқобил энергия қурилмалари орасида қуёш панеллари ҳар томонлама қулайлиги билан ажралиб туради. Шу боис уларга бўлган эҳтиёж ҳам тобора ортиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19-20 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонасининг иш жараёнини кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга бундай корхоналарни кўпайтириш, уларда бозор талаби юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.
Дастлабки фаолиятини 2017 йилда бошлаган бу корхонада электр энергияси тармоғи учун кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. Шу йил июнда 10 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига қуёш панелларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги лойиҳа бўйича ускуналар Жанубий Кореядан олиб келинди ва ўрнатилди. Ўтган қисқа вақт давомида корхона томонидан 600 кВт қувватли қуёш панеллари ишлаб чиқаришга эришилди. Корхонанинг ўзига ҳам 125 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.
— Президентимизнинг бу галги Қорақалпоғистонга ташрифи корхонамиздан бошлангани жамоамизни руҳлантириб, унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш йўлида бизни рағбатлантирди, — дейди “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонаси бош директори Марлен Ибраимов. — Қуёш панелларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида таъминлаш мақсадида ишга туширилган янги лойиҳанинг йиллик қуввати 273 минг дона. Ишлаб чиқариш жараёнлари 100 фоиз автоматлаштирилган. Қўшма корхона ички бозорда талаб юқори маҳсулотни маҳаллийлаштириш орқали 4 миллион долларлик экспорт имкониятига ҳам эга бўлди. 70 нафар киши иш билан таъминланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Нукус шаҳридаги “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонасида босқичма-босқич қуёш панелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган.
— Корхонамиз биринчилардан бўлиб қуёш панелларини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди, — дейди “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонаси бўлим бошлиғи Алишер Сеитов. — Албатта, бу ҳудудда электр энергияси танқислигининг олдини олишга, қайта тикланувчи муқобил энергия ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади. Бугунги кунда юртимизда корхоналарнинг қуёш панелларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонасига автоматлаштирилган технологик асбоб-ускуналар учун ҳукумат қарори асосида божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар берилиши назарда тутилган.
Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида ва аҳоли хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари энергия тақчиллигининг олдини олиш билан бирга қўшимча даромад ҳам келтирмоқда. “Nukus Eleсtroapparat” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган қуёш панеллари тан нархининг пастлиги ва транспорт харажатларини иқтисод қилиш эвазига халқимизга қулайлик яратиши шубҳасиздир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг