Нукус шаҳридаги оғир ҳудудлар обод бўлмоқда
Фото: Халқ сўзи
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 февраль куни Нукус шаҳридаги «Чимбой гузари» маҳалласида «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилган ишлар билан танишиш баробарида Қорақалпоғистон марказида ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир еттита маҳалла борлигини таъкидлаб, уларни ҳам обод қилиш, йўлини, сувини, электр энергияни яхшилаш, бир сўз билан айтганда, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Айни кунларда ана шу оғир ҳудудлар деб топилган «Жеке терек», «Қизилқум», «Қум овул», «Қутли макон», «Қўскўл», «Бўз овул» ва «Теле орай» маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари қизғин паллага кирган. Бир томонда ичимлик суви қувурлари ётқизилаётган бўлса, бошқа томонда кўчаларга шағал-тош тўшалмоқда, яна бирида симёғочлар темир-бетонларга алмаштирилиб, электр линиялари янгиланмоқда.
— Маҳаллаларни обод қилиш ишлари белгиланган режа асосида сув тармоқларини янгилашдан бошланди, — дейди Нукус шаҳар сув таъминоти филиали бош муҳандиси Жандулла Достназаров. — Негаки, аввало, сув тармоғи соз бўлса, кейинчалик йўл ва бошқа қурилиш-ободонлаштириш ишлари изчил давом этади. Оғир ҳудуд деб топилган маҳаллаларда 9 миллиард 223 миллион сўм маблағ ҳисобидан 52 километрдан ортиқ сув тармоқларини янгидан тортиш назарда тутилган. Ҳозирги кунда ҳар бир маҳаллада битта қурилиш бригадаси ва 2 та махсус техника ва 15 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинган.
«Теле орай» маҳалла фуқаролар йиғини Терекзар кўчасида яшовчи Артикбай оға Ережеповнинг айтишича, эски сув тармоқларининг кўп қисми бугунги инфратузилма талабларига жавоб бермаган. Сабаби, олдинлари бу ҳудудларда аҳоли тарқоқ яшаган ва айрим сув тармоқлари аҳолининг ўзлари томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Ўз навбатида бу айрим ҳудудларда сув босимининг пастлигидан ёки ҳудудларда тез-тез авария ҳолатлари, яъни сув тармоқлари ностандарт бўлгани боис босимга дош бермай қолган вазиятлар юзага келиб турган.
Шу кунларда бу маҳаллага «Аралқурилиш монтаж строй» МЧЖ томонидан янги сув тармоғи тортилмоқда. Сув тармоғи янгиланган кўчаларга қум-шағал ётқизилиб, бошқа коммуникация тармоқларини янгиловчи ишчи гуруҳлар изма-из оғир ҳудудларни обод масканга айлантирмоқда.
Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг