Нукус педагогика институти қошида боғча очилади

20:11 26 Июнь 2023 Жамият
619 0

Фото: «Халқ сўзи»

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида институт ректори Байрамбай Утемуратов ОАВ вакилларини таълим муассасасида жорий қилинаётган янгиликлар билан таништириб, амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Журналистлар дастлаб, институтда янгидан жиҳозланган Мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячи педагогларининг малакасини баҳолаш маркази, чет тилларидан сертификат олиш учун имтиҳонларни топширишга мўлжаллаб тайёрланган хоналар билан яқиндан танишдилар.

Маълумот берилишича, энг сўнгги русумдаги ахборот технологиялари, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ушбу хоналарда Қорақалпоғистоннинг туманларида фаолият юритаётган педагогларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда тест синовларини шаффоф ўтказиш имкониятлари яратилади. Мазкур тизим ишга қўшилгач, Тошкент шаҳрига бориб малака оширишга имконияти, оилавий шароити бўлмаётган ўқитувчилар Нукус шаҳрида малакасини ошириш ва уларга малака сертификатини бериш тартиби жорий этилади.

Мулоқот давомида институт ректори ҳали мамлакатимизнинг бошқа олий таълим муассасаларида йўлга қўйилмаган, яна бир янгиликни, яъни олий ўқув юрти қошида мактабгача таълим ташкилоти қурилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

— Таълимни ривожлантиришда ҳам кластер тизимига ўтишни режалаштирмоқдамиз, — деди Институт ректори Байрамбай Утемуратов. – Биз фақат олий таълимни эмас мактабгача, мактаб ва олий таълимни узвий боғлаган ҳолда ёндашувни қўлласак натижадорлик ошади. Масалан, мана шу институт қошида қурилаётган болалар боғчасининг ишга тушишини олиб қарайлик: Айтайлик, сиртқи бўлимдаги талаба фарзандлари билан ўқишга келишга қийналиши мумкин. Агарда шу ернинг ўзида боғча бўлса улар учун ҳам, юқори курс талабалари фарзандларини ушбу боғчага жойлаштириш учун ҳам қулайлик бўлади. Шунда талабалар фарзандларидан кўнгли тўқ ва олган билимлари ҳам самарали бўлади

Матбуот анжуманида жорий ўқув йилига қабул жараёнлари бўйича ҳам маълумот берилди. Бу борада ҳам Нукус давлат педагогика институтида абитуриентларни инглиз тили йўналиши бўйича қабул қилишда тест синовларидан ташқари инглиз тилида ёзиш, ўқиш, тушуниш каби синовлар жорий қилинаётгани таъкидлаб ўтилди. Бу ҳам педагогика институтини битириб чиққан кадрлар келгусида мактаб ўқувчиларига сифатли таълим беришни кафолатлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида институт фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб келаётган бир гуруҳ журналистларга 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан эсдалик совғалар топширилди.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер