Нуктадон олим, меҳридарё устоз ёди

Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Нуриддин Шукуровнинг номи тилга олинганда жуда кўпчиликнинг қалби нурга тўлади. Адаб илмида беназир инсоннинг илмий салоҳияти, устозлик меҳри, шеър сеҳрини юракдан ҳис этиши, одамохунлиги албатта ёдга олинади.
Ўзбек адабиётшунослиги ривожи ва унинг назарияси яратилиши, шунингдек, ижодкор маҳорати, услублар ранг-баранглиги, бадиий асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятларини тадқиқ этиш ҳамда уни илмий асослашда профессор Нуриддин Шукуровнинг хизматлари беқиёс.
Ўз вақтида қатор таниқли адабиётшунос олимлар олимнинг илмий фаолияти ҳақида сўз юритиб, ёшлигиданоқ изланувчан танқидчи сифатида элга танилганини эътироф этишган.
“...бировни ўзига устоз танлаган уқувли шогирд ўз устозига елимдай ёпишади қуяди, — деб ёзган эди профессор Раҳим Муқимов. — Нуриддин ана шундай зийрак истеъдодлардан эди. Тез орада у менинг ўртоғим, йўлдошимга айланди. Мен спектакль кўргани театрга борсам, у ҳам бирга борарди. Мақола ёзишга киришсам, қизиқиб ёрдам берарди. Қарабсизки, мақола ёзиш жараёнида фикр қўшиб, таҳрирлар киритиб, тенг ҳуқуқли ҳаммуаллиф бўлиб қоларди... Мен ўзимнинг 1993 йилда босмадан чиққан “Буклет-биография”ни варақлаб кўрдим, рўйхатдаги дастлабки 17-18 мақоланинг тўғрисида “Ҳаммуаллиф Нуриддин Шукуров”, деб ёзиб қўйилган. Ваҳоланки, у вақтларда Нуриддин Шукуров студент, кейинчалик бошловчи аспирант эди, холос”.
Академик Наим Каримов ҳам ўз вақтида: “Нуриддин ака нафақат шеъриятни нозик ҳис этувчи, ўзи ҳам соҳиби қалам, билимдон ва теран олим, балки камтар, самимий, назокатли ва олижаноб инсон сифатида ҳам қалбимиздан бир умрга жой олди. Агар самарқандлик бошқа дўстларимга оғир ботмаса, мен у (Нуриддин Шукуров) билан академик Ботирхон Валихўжаевни Самарқандда яшаб, илмий-педагогик фаолият олиб борган ва ҳозирда ҳам олиб бораётган филолог олимларнинг ҳар томонлама пешқадами, деб атаган бўлардим”, деб ёзган эди.
Таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг эътирофи ҳам жуда юксак: “Нуриддин Шукуров билан кўп учрашардик. У адабиёт оламини яхши билар, яхши кўрар, унинг катта-кичик намоёндалари билан таниш, қаламкашлар, олимларни — зиёли кишиларни жуда қадрлар, ҳурмат, эътибор кўрсатарди. Адабий давралар, китобхонлар билан учрашувларда Ғафур Ғулом, Шайхзода, Асқад Мухтор сингари алломайи замонларнинг шеърларини гўзал бир ихлос билан шеърнинг завқи-сурурини жон-жонидан туйиб ёд ўқирди. У ўзбек шеърияти ҳақида тўлиб-тошиб ёзарди. Шеърият ҳақида ёзганда унга бамисоли муҳаббат изҳор қилгандай бўларди”.
Дарҳақиқат, Нуриддин Шукуров ўзбек танқидчилигида жанрлар ранг-баранглиги, поэтик образ яратиш, адабий танқид муаммоларини яхлит ва умумлашган ҳолда таҳлил этиш, янги асарларга муносабат билдириш каби адабий жараёнда фаол қатнашиши билан ажралиб турадиган адабиётшунос эди.
Домла томонидан ёзилган “Ғафур Ғуломнинг лирик поэзиясидаги маҳорати”, “Услублар ва жанрлар”, “Бу олам саҳнида”, “Сўз сеҳри, шеър меҳри” сингари китоблар, кўплаб мақолалар шоир ва ёзувчи ижоди, адабий жараён, асосан, маҳорат муаммолари нуқтаи назаридан ўлчанади. Кўп йиллик самарали меҳнати ва илмий изланишлари натижасида унинг ҳаммуаллифлигида республика олий ўқув юртлари учун “Адабиётшуносликка кириш”, “Ўзбек совет адабиёти тарихи” дарсликлари ёзилди.
Профессор Сайдулла Мирзаев: “Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги дастлабки йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети талабалари сафига бир қатор истеъдодли ёшлар келиб қўшилди. Нуриддин Шукуров ана шундай қобилиятли ёшлардан бири бўлиб, у талабалик чоғларидаёқ илм-фанга чанқоқлиги, тиришқоқлиги, кўп мутолаа қилиши, мустақил ва эркин фикрлашга ўчлиги билан ажралиб турар эди.
Нуриддин Шукуровнинг ҳаёт йўли ва меҳнат фаолиятига назар ташласак, киши кўз ўнгида ҳалол меҳнат ва тинимсиз изланиш туфайли униб-ўсиб йирик олим, меҳрибон устоз, моҳир педагог, таниқли журналист даражасига кўтарилган йирик ижодкор гавдаланади.
Нуриддин Шукуров олий таълим тараққиётига, хусусан, ўзбек адабиётшунослиги ривожига самарали ҳисса қўшган. У ўзининг ана шу эзгу хизмати туфайли кўпчиликнинг назарига тушди. Ғафур Ғулом, Иззат Султон, Воҳид Абдуллаев каби устозларнинг ишончига, юксак баҳосига сазовор бўлди”, деб ёзган эди.
Нуриддин Шукуровнинг ижодий фаолияти Самарқанд давлат университети билан чамбарчас боғлиқ. У 45 йил давомида университет жамоаси билан ҳамнафас бўлди. Шу ерда ўз меҳнати билан йил сайин ўсиб, шогирдликдан устозлик даражасига кўтарилди. Нуриддин Шукуров университетда илмий ишни педагогик ва ташкилотчилик ишлари билан олиб борди. Ўзбек адабиёти кафедрасида аввал ўқитувчи, доцент, сўнгра профессор бўлиб ишлади. Декан, кафедра мудири, ректор муовини вазифаларини бажариб, университетда ўқиш-ўқитиш, илмий-тадқиқот, тарбиявий-ташкилий ишлар ривожига муҳим ҳисса қўшди. Ана шунинг учун Барот Бойқобилов ва Омон Матжон “Дорилфунун қасидаси” асарида ҳақли равишда:
Дўстлар, СамДУ деган сўзнинг теран маъноси бор,
Чун Мароқанд ҳақда ҳар гапнинг қадим дунёси бор.
Навқалам сардоридур Нуриддину Сайдуллалар,
Барчасига раҳнамо Воҳид Абдуллоси бор!
— деб ёзган эдилар.
Нуриддин Шукуров ўз меҳнат фаолияти давомида сўз санъатининг турли масалаларига бағишланган 300 тача илмий ва илмий оммабоп мақолалар ёзди. Унинг “Ўзбек поэзияси ҳақида мулоҳазалар”, “Сюжет ва бадиий тўқима”, “Сюжет ҳақида қайдлар”, “Поэтик мазмун ва бадиийлик муаммоси”, “Поэзияда символик образлар”, “Тил ва услуб” каби мақолалари адабий жамоатчилик ва кенг китобхонлар оммасининг диққат эътиборини ўзига тортган.
Олим нафақат адабий танқидчи, балки “Хушнуд” тахаллуси билан ижод қилган шоири замон ҳамдир. Домла ўзининг таржимон сифатида ҳам моҳирлигини кўрсата олди. Таниқли авар шоири Расул Ҳамзатовнинг йигирмадан зиёд шеърлари, рус ва тожик шоирларидан қилган таржималарини ўзбек китобхонларига туҳфа этди.
Домланинг энг эзгу амалларидан бири ёш ижодкорларни излаб топиш ва рағбатлантириш бўлган. “Шалола” шеърият клуби шу жиҳатдан улуғ инсоннинг қалб қўри, келажакка умиди эди. Ўтган асрнинг 70-90 йиллари, ҳатто бугунги ўзбек адабиёти ривожини ҳам устоз меҳр кўрсатган қалам аҳлининг ижодисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Профессор Нуриддин Шукуров меҳнатсеварлиги, идроки ва ички маданияти, ҳозиржавоблиги ва ўзига талабчанлиги боис 38 ёшида вилоят бош газетасига муҳаррир, 43 ёшида университет проректори этиб тайинланди. 44 ёшида фан доктори, 50 ёшида фан арбоби фахрий унвонига муяссар бўлди. Олим ўзбек адабиётшунослиги тарихида ўз номи ва асарлари билан абадий қолади.
Тошпўлат ТУГАЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг