Новосибирск шаҳрида “Ўзбек палови фестивали” ташкил этилди

15:33 01 Август 2023 Дунё
1222 0

Мамлакатимиз Бош консуллиги томонидан Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган “Янги аср” спорт тадбири доирасида “Ўзбек палови фестивали” уюштирилгани баробарида Ўзбекистон маданияти, урф-одати ва туризм салоҳиятининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбирда Новосибирск вилояти давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тақдимот Ўзбекистон кўргазмаси намойиши билан бошланди. Унда мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу йўналишдаги бой салоҳият, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларда яратилган шароитлар, айниқса  “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси ҳақидаги батафсил маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Шунингдек, “Ўзбек палови фестивали” иштирокчиларига палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарси уюштирилгани баробарида Новосибирскдаги ҳаваскор ошпазлар томонидан ўзбек байрам паловини тайёрлаш бўйича танлов ҳам ўтказилди.

— Мазкур тадбир ва унинг доирасида ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имконияти яратилгани, шунингдек, ўзбек халқи тарихи, урф-одатлари ва қадимий шаҳарлари тўғрисидаги маълумотлар барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, — деди ҳаваскор ошпаз Евгений Выгорниский. – Буларнинг барчаси кўпчиликда Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиш уйғотганига аминман. 

Танлов ғолиби деб топилган Евгений Выгорниский Бош консулликнинг махсус мукофоти билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?