Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси қонун билан тартибга солинмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ иккинчи мажлисида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса, қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратмоқда.
Мазкур Қонун соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва уни тартибга солувчи ягона қонун сифатида ишлаб чиқилган. Қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг асосий принциплари белгиланмоқда.
Эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.
Эътиборли жиҳати жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилади.
Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишга оид фаолиятни услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш Адлия вазирлигига юклатилмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, шунингдек, амалдаги ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатининг ошишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Ҳотдогдан чўчқа ёғигача: мактаб ошхонасида қандай озиқ-овқатларни сотиш тақиқланган?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари рекордини ўрнатди (+видео)
- «Мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!»: Давлат солиқ хизмати ва Болалар омбудсмани Қашқадарёдаги ҳолатга муносабат билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг