Ногиронлиги бор йигит инновацион мотоцикл ихтиро қилди

10:55 23 Октябр 2023 Жамият
742 0

Фото: “Халқ сўзи”

Анвар Баракаевни айни куч- қувватга тўлаётган чоғида тақдир қаттиқ синовга рўбарў қилди. Бахтсиз ҳодисага йўлиқди. Икки оёғидан ажралиб қолди.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги Варозин қишлоғида яшовчи йигит бу кўргилик қаршисида бўйин эгмади. Тушкунликка тушмади. Яшашга бўлган иштиёқи сўнмади. Ногиронман, деб боқимандалик этагидан тутмади. Қизиқиш ва иштиёқ уни ўқиб-ўрганишга, ишлашга ундади.

— 2006 – 2009 йилларда Тошкентда ногиронлар учун ихтисослаштирилган республика касб- ҳунар коллежида таҳсил олдим,- дейди у.—Шундан сўнг қишлоққа қайтиб, ўрганганларимни амалда қўллашга киришдим. Зарур эҳтиёт қисмларни бозордаги дўконлардан сотиб оляпман.

Гап шундаки, Анвар техникага қизиқади. Мотоцикл таъмирлайди. Табиатан янгиликка ўч. Истеъдодли. Автоуловларни созлаётиб, уларга нимадир бир янгилик киритишга ҳаракат қилади. Биз у билан суҳбатлашган паллада бу тиниб-тинчимас йигит навбатдаги буюртмани адо этаётган эди.

— Мижозлардан бири “Шундай қилгинки, у антиқа мототцикл бўлсин”, дея буюртма берди, — дея давом этади Анвар.— “Минск” ва “Восход” мототциклларининг устун жиҳатларини уйғунлаштириб, кўриб турганингиз ушбу кўринишга келтирдим. Унда электр тизими ўзгарди. Ўз- ўзини қувватлантирадиган бўлди. Бошқача айтганда, махсус мослама механик энергияни электр энергиясига айлантириб беради. Мотоцикл ўт олдирилмаган паллада ҳам унинг чироғи 2,5 – 3 соат давомида ёниб туради. Ундан чоғроқ супани кечқурун ёритиб туришда ҳам фойдаланиш мумкин. Аккумуляторининг ён- атрофга заррача зиёни йўқ.

Мотоциклга хобби, кўнгилхушлик воситаси сифатида қараётган юртдошларимиз анча. Улар Анварнинг асосий мижозлари саналишади. Буюртмалар эса одатда, баҳору ёз, кузда тушади. Уста уларни бажараётганида давлат автомобиль назорати тавсияларига амал қилади. Хизмат ҳақи олаётиб инсофни унутмайди. Топгани рўзғор каму кўстини тўлдиришга асқатмоқда.

Ногиронлик аравачасида туриб ишлаётган Анварнинг ҳаракатларини кузатарканмиз, тўрт мучаси соғ бўла туриб, ялқовликни ўзига касб қилиб олган, “олма пиш, оғзимга туш” қабилида яшашга одатланган айрим кишилар кўз олдимизга келди. Улар учун бу уста йигитнинг ҳаёти, интилишу иштиёқи сабоқ бўлгулик, албатта.

Анвар айни дамда қирқ ёшда. Турмуш ўртоғининг ҳам ногиронлиги бор. Икки ўғилли бўлишган. Улар соғ-саломат ўсиб-улғаймоқда.Айтмоқчи, мабодо, юртимиз қишлоқларидаги энг кичик ҳовлилар рўйхати тузилса, Анвар Баракаев яшаётган уй унинг олд қаторидан ўрин олиши тайин. Ҳовли атиги икки сотихдан иборат. Отамерос бу масканда Анвар маҳалла, қишлоқдошлари кўмагида иморат тиклаган. Устачилик ишларини ҳам шу кафтдек ерда бажаряпти.

— Яқинда тумандан, маҳалладан келиб, аҳволимизни ўрганишди,— дейди у. —Хавфсиз шарт-шароитларда ишлашим учун бўш ерда контейнер ўрнатиб берадиган бўлишди. Агар қулайлик яратилса, фаолиятимни кенгайтиришим, икки-уч нафар ҳамқишлоғини шогирдликка ҳам олишим мумкин.

Дарҳақиқат, бу изланувчан йигитга тегишли ташкилотлар ёрдам қўлини чўзишса, уни қўллаб-қувватлашса, ихтиросини патентлаштириб олишига кўмак беришса айни муддао бўларди. Ахир, ногирон бўла туриб, янгилик яратишга, ихтиролар қилишга иштиёқманд кишилар ҳар куни туғилавермайди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер