Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади

07:25 06 Февраль 2025 Жамият
331 0

Ўзбекистон президентининг янги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати босқичма-босқич жорий этилади.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида йўлга қўйиладиган тизим 2025 йилнинг 1-октябригача республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади. Хизмат давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади ва 3-ёшдан 18-ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган.

Ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига ота-оналар ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузиладиган шартнома ҳамда психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси асосида қабул қилинади.

Шу йўналишда хизмат кўрсатувчи тадбиркорларни қўллаш мақсадида 3-ёшдан 7-ёшгача бўлган ҳар бир бола учун кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кунга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи, 7-ёшдан 18-ёшгача бўлган болалар учун эса 27 фоиз субсидия ажратилади. Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида субсидия 1,1 коэффициент билан кўпайтирилади.

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун юқорида кўрсатилган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўлаб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?