Нишонда йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди

15:11 07 Январь 2025 Жамият
227 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида қуввати 500 МВт бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

Ушбу лойиҳа 2023 йилнинг иккинчи ярмида Хитойнинг “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD” компанияси томонидан бошланган эди. Ўтган вақт давомида компания қурувчилари туманнинг Гулистон маҳалласи ҳудудидан ўзлари учун ажратиб берилган 1000 гектардан ортиқ адирлик бағрида йирик қуёш фотоэлектр станциясини тўлиқ қуриб битказишди.

— Компаниямиз қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ва ишга туширишда катта тажрибага эга, — дейди “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD” компаниясининг қурилиш-монтаж ишлари бўйича директори Ҳуанг Сенлин. — Бухоро, Фарғона, Андижон, Қашқадарёда жами 13 та шу турдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу қуёш фотоэлектр станция уларнинг бири ҳисобланади.

Компания масъулларининг таъкидлашича, лойиҳанинг умумий қиймати 336 миллион долларни ташкил этган. Бу маблағ ҳисобига Хитойдан 1 миллион донадан ошиқ қуёш панеллари келтириб ўрнатилган. Станция энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, белгиланган муддатларда панелларни ўзи тозалайди. Панеллар қуёшнинг ҳаракатига қараб, автоматик равишда ўзгариб туради.

Айни вақтда мазкур қуёш фотоэлектр станцияси ҳудуддаги очиқ тақсимлаш қурилмаси орқали марказий тармоққа уланиб, электр энергияси етказиб беришни бошлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер