Нега кредит олишдан қўрқамиз? Ёхуд кредит олиш машмашаси
Иллюстратив фото
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келган мурожаатлар билан танишар эканман, мурожаатларнинг асосий қисми уй ёки автомобил олиш мақсадида фирибгарлар қўлига тушиб қолган ёки молиявий пирамида қурбони бўлган истеъмолчиларга тегишли. Кўриб турганингиздек, оддий қилиб айтганда уйли ёки автомобил олиш учун осон йўл қидирган. Тан олиб айтишимиз керакки инсон қанча манфаатлари ва имкониятлари торайиб борса, қонун-қоидани бузишга мажбур бўлади. Бугунги кунда ойликка яшайдиган аҳолининг катта қисми “Истеъмол кредит”ларини олиш учун бироз қийналишади. Бунинг сабаби оддий .
М.Темиров, Андижон вилояти: – Фарғона шаҳридаги “Умид савдо файз инвест” масъулияти чекланган жамияти билан 2018 йилда шартнома тузиб, DAMAS 3 DLX автомашинасини буюртма қилдим, шартномага биноан МЧЖ ҳисоб рақамига 31 250 000 сўм бошланғич тўлов амалга оширдим, аммо келишилган муддат кўп вақт ўтган бўлса ҳам шартнома шартларига мувофиқ менга машина етказилиб берилмади. Аслида ишончли “Автокредит”нинг фоизи кўп бўлганлиги учун “Умид” автолизингдан олмоқчи эдим.
Биринчидан бу турдаги ишончли кредитларни олиш учун истеъмолчида маълум миқдорда биринчи тўлов учун пул бўлиши лозим. Одатда кўчмас мулк ёки автомобил учун 25 фоиз тўлов қилиш лозим. Аммо оиласидан, бола-чақаси, тўй-маросимларидан ортиб хеч ким бунча пул йиға олмайди. Халқимиз бекорга “Йиққан-терганини тўйда сочади” дейишмайди. Аҳоли бекорга биринчи тўлови йўқ ёки камроқ бўладиган эшикларга мурожаат қилмайди.
Иккинчидан, бу турдаги кредитларнинг фоизи анча баланд бўлиши бор гап. Масалан, бугунги кунда автомобил олиш учун камида 25 фоиз устига қўйилади. Ривожланган ва ривожланаётган давлатларда нимага иқтисодий ўсиш юқори, чунки, уларда биринчи навбатда иқтисодий ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун сарфланади. Яъни машина ёки уйни кредитга олиш у даражада муаммо эмас. Узоққа бормайлик-да, буни Қозоғистон мисолида кўрайлик. Мамлакатда автоуловларнинг хоҳлаган турини учратишимиз мумкин, шунингдек, автокредитлар олиш учун ҳам жуда кўп ҳужжат сўралмайди. Оддийгина олти ойлик иш ҳақингиз тўғрисида маълумотнома ва паспорт нусхаси. Биз бу ҳужжатларга ҳаттоки оддий қўл телефонини ҳам ололмаймиз. Шуни алоҳида айтиш лозим фоиз ставкаси истаган автоуловингизга 7 фоиз (бизда имтиёзли бериладиган кредитлар ҳам камида 15 фоиз).
Учинчидан, бу турдаги кредитларга сўраладиган ҳужжатлар ҳам истеъмолчини анча сарсон-саргардон қилади. Буни автокредит олганлар яхши тушунади. Маҳалла ва ишхонадан маълумотномаю, кафил бўлаётган инсоннинг бутун бошли босиб ўтган йўли тўғрисида маълумотнома. Камида ўнтадан ортиқ ҳужжат сўралади. Бу ҳужжат йиғиш учун ҳам бир ойдай вақт кетади.
Тўртинчидан, аҳолимизда кредит олиш маданияти камлиги. Кредит деса, одатда етти авлодимизгача, бошдан-оёқ қарз тушунилади. Очиқчасига айтсак, кредит олишдан қўрқамиз. Чунки ўйлаймизки кредит олиш бу-машмаша. Бунга ижтимоий тармоқлар орқали кредит олиб, иши юришмай бор нарсасини ҳам бой бераётган юртдошларимизни кўп кузатаётганимиз учундир балки. Биз биринчидан нимага қўрқамиз?! Кредитни қайтара олмасликка! Кредит қайтариш тартибини банк ходимлари аниқ-тиниқ қилиб кўрсатса-да, аммо баъзида молиявий муаммоларимиз туфайли амал қилмаймиз. Яъни ўзимизга бўлган ишончимиз кам.
Ривожланаётган ёки ривожланган давлатларда яшаётганларнинг барчаси ҳам шахсий уйи ёки машинасига эга эмас. Масалан, АҚШ иқтисодиёти кредитлар орқасидан кўтарилган. Аҳоли 60 фоиз фоиз кўчмас мулк ва шахсий автоуловларини кредитлар ҳисобидан олган. Бунга сабаб мамлакатда кредит олиш бирмунча қулайлиги ва арзонлигида.
Бабур Расулев, тадбиркор : – Автомашина ёки кўчмас мулкни кредитга олиш, тадбиркор сифатида айтишим мумкинки, жуда қийин, бу муаммо. Чунки кредитнинг ўзини эмас, балки фоизларининг ўзи катта суммада. Ўйлаб кўринг, аҳолига қулайроқ кредит олиш имкониятлари яратилганида, улар бажонидил олишарди. Бу иқтисодимизга ҳам фойда. Боиси биринчидан кредитни қайтариш учун олган шахс меҳнат қилади, қарздорликдан халос бўлиш мақсадида тиниб-тинчимайди. Бу эса ўз-ўзидан боқимандаликни йўқотади. Имкониятлар кенгаяди. Лекин муаммонинг иккинчи тарафи борки, у аҳолининг кредит олиш маданиятининг пастлигида. Негаки, кредит деганда “соғ бошимизга савдо сотиб” олишдек туйилади. Тўғрисида!
Биз ҳаммамиз кундалик ҳаётимизда истеъмолчимиз. Истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқларимиз ва мажбуриятларимиз ҳам бор. Бугунги кунда тараққиётга интилган ҳар бир давлат кучи фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қарамоқда. Бу жараён табиийки инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатдор мувозанатини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи омилдир.
Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг