Нега бугун ўқитувчилар синф раҳбари бўлишни истамайди?
Фото: Халқ сўзи
Узоқ йиллик меҳнат фаолиятида синф раҳбари бўлмаган ўқитувчи топилмаса керак. Лекин негадир бугунга келиб мактабларда синфни бошқаришга камдан-кам ўқитувчи жазм этаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳатто синф раҳбарларига тўланадиган иш ҳақи миқдорининг оширилганига қарамасдан, дарс соатларини талашиб, баъзан сану-манга борадиган ўқитувчилар кўп ҳолларда синф раҳбарлигига орзуманд эмас.
— Синф раҳбарлиги ўқувчилар билан ишлашда ўқитувчидан тажриба, таъбир жоиз бўлса фидойилик ва ўта оғир масъулият талаб этади, — дейди Кармана туманидаги 15- умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари Қурбонали Мирсиддиқ. — Очиғи, яқин-яқинларгача ўқитувчиларимиз юқори синфлар (9-11 синфлар)га раҳбарликни ўз зиммаларига олишдан қочишар эди. Бугунги кунга келиб бу ҳолат олтинчи синфга қадар тушган. Буни ва юзага келган сабабларни мутасаддилар билмайди, дейиш ноўрин. Билишгани билан кўрилаётган чоралар аҳволни ўнглаш учун етарли эмас, назаримизда.
Тажрибали устознинг мулоҳазаларига яна қайтамиз, ҳозир эса Халқ таълими вазирлиги (ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги деб юритилади)нинг 2021 йил 22 февралдаги 41-сонли буйруқ иловаси билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг синф раҳбарлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низомга эътибор қаратсак.
Мазкур Низомнинг иккинчи бобида синф раҳбарларининг 37 пунктдан иборат вазифа ва функциялари белгиланган. Кейинги – синф раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бобида эса 4 пунктдан иборат мажбуриятлар юклатилган. Юқоридагиларга тўхталишдан олдин 4-бобдаги синф раҳбарларини танлаш мезонларига эътибор қаратсак. Унга кўра, синф раҳбари камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган, мактабда тўлиқ ставкада асосий ишчи сифатида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар орасидан танланади. Шу асосда мулоҳаза юритадиган бўлсак, 37+4 вазифа, функция ва мажбуриятларни зиммасига олган ўқитувчи ўзи ўқитадиган фанларга қандай вақт топсин, деган ҳақли савол туғилади. Бундан ташқари ўқитувчи синф раҳбари сифатида синф дафтари, мактабнинг ички рўйхатига киритилган тартиббузар, тарбияси оғир ва сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар билан амалга оширилган ишлар йиғма жилди, иш режаси, режада белгиланган фаолият йўналишлари бўйича ўқув йили чораклари ва якунига доир ҳисоботлар тайёрлаб, уларни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига топшириши лозим.
— Худо кўрсатмасин, синфингда арзимаган кўнгилсизлик рўй берса, ойлаб турли идоралар томонидан мана шу ҳужжатларинг ипидан игнасигача текширилади, — дейди узоқ йиллар синф раҳбарлигини зиммасига олган ўқитувчилардан бири. — Ойлаб турли идоралар раҳбарларининг маърузасидан ўрин оласан. Қайсидир ўқувчинг муваффақиятга эришганида эса кўпинча ҳеч ким синф раҳбари кимлигига қизиқмайди ҳам.
Чиндан ҳам, синф раҳбарларини рағбатлантиришга кўп ҳам эътибор қаратилмаётгани бор гап. Бинобарин биз юқорида тилга олган Низомда ҳам синф раҳбарларининг фаолияти «аъло» баҳоланган тақдирда мактаб раҳбарияти томонидан моддий-маънавий рағбатлантириш чоралари кўрилади, тармоқ ва давлат мукофотларига тавсия этилади, деган умумий гаплар билан чегараланган.
— Умуман олганда, синф раҳбарларига ҳақ тўлашнинг ўзи мунозарали, — дейди Қурбонали Мирсиддиқ. — Яъни уларга иш ҳақи бола сонига қараб тўланади. Таклифим шундан иборатки, ўқувчи сонига қараб эмас, синфларнинг юқори-қуйилигига қараб (юқори синфлар билан ишлаш оғирлигини инобатга олиш керак) ошириб бориш асосида ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Яна бир таклифим шуки, синф раҳбарларига юклатилган вазифа, функция ва мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш зарур. Мисол учун, Низомда ўқувчиларнинг имкониятларини ривожлантиришга кўмаклашиш, миллий маданиятнинг асоси бўлган мусиқа ва қўшиқ, кино, адабиёт, халқ оғзаки ижоди, театр, наққошлик ва меъморчилик каби халқ амалий санъати турлари воситасида дунёқарашини кенгайтириш мақсадида уларни маданият масканларига ота-оналар билан ҳамкорликда жалб этиш каби вазифалар юклатилган. Бу каби жалб этиш, ташкил этиш каби вазифаларга синф раҳбари улгурмаслиги аён. Лекин юқоридан келган ҳар бир ўрганувчи, албатта, шунинг ижросини сўрайди.
Энди синф раҳбарлари меҳнатини рағбатлантириш масаласига қайтсак, мазкур йўналишда ҳам турли тадбирлар, «Йилнинг синф раҳбари» каби кўрик-танловлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кўкрак нишони таъсис этилса, нур устига нур.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, синф раҳбарининг мавқейи бўйича соҳанинг ўзида муносабат замон талабига мослаштирилмас экан, таълим-тарбияни ривожлантириш йўлида кўзланган мақсадлар қуруқ оғизда қолиб кетаверади. Бу эса ўз-ўзидан ёш авлод камолотига ўз таъсирини ўтказиши тайин.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг