Наврўз — янгиланиш ва ҳамжиҳатлик байрами

14:05 20 Март 2026 Жамият
81 0

Сурхондарё вилоятида Наврўз умумхалқ байрами юксак руҳ ва кенг жамоатчилик иштирокида нишонланди. Асосий байрам сайллари Термиз туманидаги «Янги Ўзбекистон» массиви амфитеатр майдонида ўтказилиб, у ҳақиқий халқ сайлига айланди.

Тадбирда воҳа аҳли билан бир қаторда хорижий меҳмонлар, жумладан, Тожикистон делегациясининг иштирок этиши байрамнинг халқаро дўстлик ва қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини янада намоён этди. Бу эса Марказий Осиёдаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитининг изчил ривожланаётганидан далолат беради.

Байрам ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни акс эттирган павильонлар, амалий санъат кўргазмалари, бахшичилик ва фольклор жамоалар чиқишлари, театр томошалари ҳамда миллий таомлар сайллари ташкил этилди. Уларда халқимизнинг бой маданий мероси, меҳмондўстлиги ва ижодий салоҳияти ўз ифодасини топди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов байрам тадбирини очиб, йиғилганларни самимий табриклади. У ўз сўзида Наврўз асрлар давомида халқимизни бирлаштириб келаётган, инсон қадрини улуғлайдиган, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этувчи улуғ айём эканини таъкидлади. Шунингдек, бугунги ислоҳотлар даврида бундай байрамлар жамиятдаги ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

— Бугун оилам билан байрам сайлига келдик, — дейди ангорлик Дилшод Раҳимов. — Фарзандларимизнинг қувончини кўриб, шукроналик ҳисси янада ортади. Бундай тинч ва фаровон ҳаёт юртимиздаги осойишталикнинг энг катта меваси. Наврўз ана шу қадриятларни янада чуқур ҳис қилиш имконини беради.

— Оиламиз билан бирга сайлларда мириқиб дам оляпмиз, — дейди термизлик Саодат Каримова. — Атрофдаги файз, одамларнинг очиқ чеҳраси инсонга куч бағишлайди. Бугунги фаровон ҳаётга шукрона келтириш, тинчликни асраш ҳар биримиз учун энг катта масъулият эканини яна бир бор ҳис қиляпмиз.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?