Наврўз шодиёналари Оролбўйининг олис овулларини ҳам қамраб олмоқда
Фото: Халқ сўзи
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Оролбўйидаги шаҳар ва олис овулларда ҳам Наврўз умумхалқ байрами юксак кўтаринкиликда нишонланмоқда.
Нукус шаҳрида ўтказилаётган байрам тадбирлари халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этмоқда. Меҳнат жамоалари томонидан халқ ҳунармандчилиги, баҳорий миллий таомлар кўргазмалари намойиш этилмоқда. Байрам тадбирлари доирасида санъат-усталари томонидан тақдим қилинаётган концерт дастурлари, дорбозлар томошалари барча иштирокчиларга хуш кайфият улашмоқда.
— Наврўз арафасида замин узра кўклам нафаси таралиб, она табиат уйғонади, бободеҳқонларимиз ерга барака уруғини қадайди — дейди нукуслик меҳнат фахрийси Мамбетмурат Камалов. — Шарқона янги йил, янгиланиш айёми бўлган Наврўзни бутун борлиқ орзиқиб кутиши бежиз эмас. Мана, бугун биз ҳам қорақалпоқ миллий «қора уй»ларида ёзилган дастурхонда Наврўз таомларидан тановул қилдик. Байрам концертини томоша қилдик, собиқ ҳамкасблар, дўстлар ва шогирдларимиз билан дийдорлашдик. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига нуронийлар номидан миннатдорлик билдираман. Халқимизга Наврўз байрами муборак бўлсин.
Нукус шаҳрида байрам тадбирлари асосан учта манзил — И.В.Савиский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ёшлар маркази ва «Истиқлол» болалар дам олиш марказлари хиёбонларида бўлиб ўтмоқда.
Байрам тантаналарида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камалов ва Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев иштирок этмоқда.
Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг