«Навоийуран» ДК 5 та халқаро ISO сертификатини қўлга киритди.

23:38 27 Май 2024 Иқтисодиёт
459 0

Фото: «Халқ сўзи»

Темур ЭШБОЕВ/ «Халқ сўзи». Инновация инсон интеллектининг маҳсули. У тараққиётга туртки бериб, мамлакат иқтисодиётининг халқаро интеграцион фаолиятида ҳам ўз аксини топади. Ҳамкорликнинг барча жабҳаларида ўз таъсир даражасига эга бўлиш, зарур пайтларда мослашиш салоҳиятини таъминлайди.

«Навоийуран» давлат корхонаси шу йўлда дадил одимлаётган ишлаб чиқариш қувватларидан бири бўлиб, 2023 йилнинг май ойида 3 та халқаро ISO стандарт талаблари асосида — ISO 9001 «Сифат менежменти», ISO 14001 «Экологик менежменти» ва ISO 45001 «Меҳнатни муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш менежменти» сертификатларини қўлга киритган эди.

— Корхонамизда замонавий бошқарув тамойилларини татбиқ қилиш изчиллик билан олиб борилмоқда, — дейди «Навоийуран» ДК бош директорининг трансформация ва рақамлаштириш бўйича ўринбосари Ҳасан Ҳайдаров. — Хусусан жорий йилнинг март апрель ойларида корхонамизда яна 2 та халқаро стандарт ISO 27001 «Ахборот хавфсизлиги менежменти» ва ISO 50001 «Энергетика менежменти» тизимларнинг талаблари жорий этилиб, сертификатлаштириш аудити муваффақиятли ўтказилди.

Шу муносабат билан «Cert International» халқаро сертификатлаш ташкилоти бош аудитори Риад Ибрагимов «Навоийуран» давлат корхонаси бош директори Жамол Файзуллаевга ISO 27001 ва ISO 50001 сертификатларини расмий равишда топширди ҳамда ESG тамойилларини фаол жорий этиб келаётган корхона жамоасига юксак ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур сертификатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022 — 2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан корхонани трансформация қилиш, шу жумладан, «Environment, Social & Governance» (ESG) тамойилларини жорий этиш вазифалари ижроси доирасида қўлга киритилмоқда.

Бошқачароқ айтганда, «Навоийуран» давлат корхонаси томонидан ESG тамойилларини жорий этиш ва ESG рейтинги томон яна бир қадам бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер