Навоийлик машинасозлар 60 йиллик юбилейини нишонлади
Фото: Виктор ЯКОВЛЕВ
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-ноябрь куни “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ ташкил топганлигининг 65 йиллиги кенг миқёсда нишонланиб, шу муносабат билан мамлакатимиз Президенти йўллаган табрикда комбинат таркибидаги Навоий машинасозлик заводи жамоасининг фаолиятига ҳам юксак баҳо берилган эди.
Орадан мана икки ҳафтача вақт ўтиб, Навоий машинасозлик заводи ҳам ўзининг 60 йиллик байрамини нишонлади. Шу муносабат билан корхона босиб ўтган шонли йўлни ўзида акс эттирувчи кўргазмалар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ва илмий анжуманлар ташкил этилиб, асосий байрам тадбири корхонанинг ўзида бўлиб ўтди.
Корхона жамоасини “НКМК” АЖ бошқарув раиси — Бош директори Қ. Санақулов қутлуғ сана билан табриклар экан, кейинги йиллар корхона учун ҳақиқий юксалиш даври бўлиб, муҳим дастур ва лойиҳалар асосида янги цехлар, участкалар, ҳудудларда корхона бўлинмалари ташкил этилиб, яратувчанлик, изланиш, интилиш эвазига Марказий Осиёда тенги йўқ заводга айлангани, ҳар қандай мураккаб вазифаларни уддалашга қодир мутахассис кадрлар жамланганини таъкидлади.
— Корхонада ҳар йили ўртача 1,2 триллион сўмлик маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Қ. Санақулов. — Илгарилари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган аксарият эҳтиёт қисмлар фақат четдан олиб келинган. Бугунги кунда эса комбинат эҳтиёжи учун зарур бўлган ушбу жиҳозларнинг 97 фоизи заводда, четдан ҳеч қандай ёрдамсиз завод цехларида тайёрланмоқда.
Дарҳақиқат, Навоий машинасозлик заводи олтмиш йилдирки НКМК барқарорлигининг мустаҳкам таянчи сифатида фаолият кўрсатиб, оддий таъмирлаш цехидан йирик саноат бирлашмасигача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтди. Корхонада меҳнат қилаётган 3,5 минг нафар муҳандис-технолог, металлург, механик ва конструкторлар заҳмати туфайли 15 минг турдан ортиқ юқори сифатли маҳсулотлар, шу жумладан, оғирлиги 4 грамм бўлган оддий мурватдан тортиб, 980 тоннагача бўлган тегирмонлар, шунингдек, янчиш ускуналари, насослар, қуюлтиргичлар ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш, 400 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги жиҳозларга ишлов бериш ўзлаштирилди. Металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик кон техникалари учун деталлар ишлаб чиқарилмоқда.
— Заводимизнинг Қуймачилик цехида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида 25 тонналик замонавий металл эритиш печи ишга туширилиши металл эритиш қувватини йилига 30 фоизгача ошириш имконини бермоқда, — дейди цех бошлиғи Зафар Бободўстов. —Бу, албатта корхонамизда янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини ошириш имконини беради.
Анжуманда навоийлик машинасозлар заҳмати шарафланиб, у катта концерт дастури билан якунланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг