Навоийда замонавий буғ-газ қурилмалари мукаммал таъмирланмоқда

18:33 15 Сентябр 2023 Жамият
685 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятида амалга оширилган инвестицион лойиҳа — буғ-газ қурилмаларининг ўрнатилиши билан мамлакатимиз энергетика тармоғида илк бор замонавий технологияларга асосланган бошқарув тизими жорий этилган эди. Энг муҳими, анъанавий технологияда 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 400 ва ундан ортиқ грамм шартли ёқилғи сарфланган бўлса, замонавий буғ-газ қурилмалари туфайли бу харажат 234-235 граммга қадар пасайтирилди.

Шундай қурилмалардан бири — 1- буғ-газ қурилмаси 2012 йилда бунёд этилган бўлиб, лойиҳа Япониянинг “Mitsubishi Corporation and MHPS” компаниялари консорциуми   томонидан амалга оширилган эди.

Бугун қуввати 478 МгВатт бўлган мазкур қурилмада 2023-2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш дастури доирасида буғ-газ трубиналари ҳамда механик энергияни электр энергиясига айлантириб берувчи генераторларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Унга кунчиқар юрт мутахассислари ҳам жалб этилган.

— Буғ-газ қурилмасини таъмирлаш ишлари қатъий белгиланган график асосида олиб борилмоқда, — дейди япониялик муҳандис Харуки Инао. – Унга кўра, мукаммал таъмирлаш ишларини жорий йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида якунлаймиз.

Мавсумга тайёргарлик доирасида станциянинг 4- энергия блогида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Энергия блок бир суткада 11 миллион 472 минг киловатт соат электр ҳамда 1 минг 32 Гкл иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Акционерлик жамияти бош муҳандиси ўринбосари Нурали Пирназаровнинг таъкидлашича, таъмирлаш ишлари тугаганидан сўнг қувват ошиб, 478 МгВатт электр ва 43 Гкл иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу 1,5 миллион аҳолининг электр энергияси ва бутун Навоий шаҳри хонадонларининг иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжига тенг демакдир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, электр энергияси наинки саноат ва халқ хўжалиги тармоқларини ҳаракатлантирувчи қувват, балки ҳар бир мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигини белгиловчи омил ҳамдир. Шу боис мамлакатимиз энергетикаси тизимидаги барқарорлик уларнинг эртанги кунга ишончини юксалтириши табиий.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер