Навоийда туризмга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

15:50 01 Декабрь 2023 Жамият
118 0

Бугун мамлакатимиз ҳудудларида замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ички ва ташқи сайёҳликни кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа бўлиб, даромадлилиги жиҳатидан дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Муҳими, кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имконини беради.

Бетакрор қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, ўзига хос табиат олами мавжудлиги билан Навоий вилояти ҳам туризмни ривожлантириш учун қулай ҳудудлардан бири. Вилоятда 70 дан зиёд архитектура, 306 та археология ва 45 та монументал объектлар мавжуд. Шунингдек, сайёҳларни нафақат ушбу тарихий-меъморий объект ва зиёратгоҳлар, балки ҳудуднинг ўзига хос ҳайвонот олами, сарҳадсиз қумликлардан иборат чўллари ва сервиқор тоғлари, ложувард кўллари ҳам ўзига жалб этади. Албатта, бу имкониятлар соҳанинг шунга мос равишда халқаро андозалар даражасида сайёҳлик хизмати кўрсатишини тақозо этади.

Вилоят ҳокимлиги ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамкорлик лойиҳаси асосида россиялик ва қозоғистонлик ҳамкорлар иштирокида бўлиб ўтган “Туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг муҳим драйвери” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек конференцияда Ўзбекистонда ички ва кирувчи туризмни барқарор ривожлантириш суръатлари ва соҳада кадрлар тайёрлаш сиёсати, Янги Ўзбекистонда рақамли технологияларни қўллаш орқали туризм хизматларининг рақобатбардошлигини ошириш каби мавзуларда муҳокама ва мунозаралар ўтказилди.

— Анжумандан кўзланган асосий мақсад туризм соҳасини миллий иқтисодиётнинг муҳим драйвери сифатида ривожлантиришнинг назарий-методологик масалалари борасида халқаро тажрибалар ўртоқлашишдан иборат, — дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Искандар Тўхлиев. — Унинг Навоий вилоятида ўтказилиши бежиз эмас. Боиси, ҳудуд ўз сайёҳлик жозибадорлиги билан ҳар икки қўшни вилоятлардан (Самарқанд ва Бухоро) қолишмайди. Шу сабабдан Навоий вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантиришда тарихий, маданий ва маънавий меросидан оқилона фойдаланиш, ташриф буюрувчи туристлар оқимини кўпайтиришнинг янги йўналишлари борасида фикрлар кўпроқ ўртага ташланди.

Анжуманда туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш масалалари юзасидан тажрибалар ўртага ташланиб, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?