Навоийда қарийб 2 миллион фуқаролик далолатнома ёзувлари рақамлаштирилди

19:14 07 Декабрь 2021 Жамият
837 0

Фото: «Халқ сўзи»

«ЗАГС»  номи билан оммалашган  ФҲДЁ идораси ҳақида сўз кетса, кўпчиликнинг кўз ўнгига никоҳ тантанаси келади. Аслида ушбу масканда ҳар бир фуқаронинг туғилганидан бошлаб то умрининг охиригача босиб ўтган йўлидаги кўпгина қувонч ва ташвишлари  расман қайд этилади. 

Маълумки, ФҲДЁ идоралари бугун   Давлат хизматлари агентлиги тизимига ўтказилган. Бунинг сабаби нимада ва аҳоли учун қандай қулайликлар тақдим этмоқда?  Ушбу саволга жавоб олиш ниятида «Халқ сўзи» мухбири ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдор Баҳодировга мурожаат қилди.

— ФҲДЁ идоралари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтгандан сўнг давлат хизмати кўрсатишни соддалаштириш ва мақбуллаштириш мақсадида,  авваламбор, тизим рақамлаштирилди, — дейди Э. Баҳодиров. — ФҲДЁнинг ягона электрон архиви яратилиб, у ахборот тизимига киритилди, яъни интеграция қилинди.  Қоғозбозлик камайиб, фуқаро ва соҳа ходимларининг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилди. Масалан, тиббиётда туғилиш ва ўлим ҳолатлари электрон шаклда базага киритилгани боис икки идора орасида «борди-келди»га чек қўйилди

Шунингдек,  жорий йилдан эътиборан  туғилишни қайд этиш композит шаклга келтирилди. Яъни фуқаро бир мурожаат билан 6 та хизматдан бирйўла фойдаланади. Бола туғилганлигини қайд қилиш, бир марталик «суюнчи пули» олиш, доимий яшаш манзили, поликлиника ва боғча, мактабга рўйхатга қўйиш каби ҳаракатлар электрон тарзда амалга оширилмоқда. Никоҳларни қайд этишда эса экстерриториал тамойилнинг йўлга қўйилиши натижасида турли оворагарчиликларнинг олди олинмоқда.  

Кўпчилик учун яна бир муҳим қулайлик — ФҲДЁ хизмати учун тўловларни амалга оширишда автоматлаштирилган «биллинг» тизими жорий этилди. Маблағлар фақатгина расмий банк ҳисоб рақамига тушиши, мурожаатчининг телефон рақамига «СМС» шаклида «Сиздан ортиқча пул талаб қилинмадими?» деган  хабарнинг келиши хизмат учун  кўзда тутилмаган таъмагирликларга барҳам бериб, шаффофликни ҳам таъминлаяпти.

Рақамлаштириш тизимда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни юзага чиқармоқда, десак муболаға эмас.  Шу кунга қадар мамлакатимиздаги ФҲДЁ идораларида қоғоз шаклида сақланаётган 60 миллиондан ортиқ фуқаролик далолатнома ёзувлари рақамлаштирилган бўлса, уларнинг қарийб 2 миллиони Навоий вилоятига тегишли.  Айни кунларда  вилоятнинг 11 та туман ва шаҳар ФҲДЁ органлари архивидаги  инсон омили туфайли ФҲДЁ электрон архив базасига киритилмай қолган ҳужжатлар устида иш олиб борилмоқда. Чунки бу маълумотлар тўлиқ ва хатосиз киритилиши зарур. Ҳатто битта ҳарф нотўғри киритилса, тизим фуқароларга оид маълумотни инкор этади.

Шу ўринда  таъкидлаш жоиз, айрим фуқароларимиз ўз шахсий ҳужжатларига шунчалик  бепарвоки, йиллар давомида туғилганлик,   никоҳдан ўтганлик, ўлим гувоҳномалари олинмагани ҳолатлари мавжуд. Бундай ҳолатлар уйма-уй юриб ўрганилди. Маълум бўлишича, марказдан олис манзилларда, дейлик чўл ҳудуди ва тоғли овулларда   аҳоли орасида юқорида таъкидланган ҳолатларни кузатиш мумкин. Мисол учун,  Учқудуқ туманининг Олтинтов овулида истиқомат қилувчи Нурлан Айтиганов 10 йил аввал  Салтанат Каримбаева билан турмуш қурсада, фуқаролик паспорти йўқлиги боис никоҳдан ўтишмаган. Фарзандли бўлиб, исм беришган, лекин туғилганлик гувоҳномаси йўқ. Кўриниб турибдики, бир муаммо бошқасини бошлаб келмоқда. Мана, мисол учун, навбаҳорлик Лолахон Хўжаеванинг икки фарзанди ҳам «метрика»сиз улғайишган. Бири 24, иккинчиси 21 ёшда. Уларда на мактабни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатнома, на фуқаролик паспорти бор. Чунки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бўлмаса, ҳеч бирини олишнинг имкони йўқ.  Икки бола ҳам мактабни ҳужжатсиз тамомлаган. Беҳрузбекнинг таъкидлашича, мактабни тугатгач, ҳатто бирор бир ишга ҳужжатсизлиги туфайли киролмаган. Мафтуна эса йиллар давомида фамилиясини Ахмедова деб ўйлаган. Берилган ҳуқуқий ва амалий кўмак боис, опа-укаларнинг туғилганлик гувоҳномалари фуқаролик судининг қарори орқали қонуний ҳал этилди. Суд қарорига кўра тикланган насл-насаб эса уларга Хўжаевлар фамилиясини берди.

Нафсиламрини айтганда, биз юқорида санаган фуқаролар илгари ФҲДЁ идораларга мурожаат этишган. Жавоб эса доимо бир хил — у идорадан бу идорага йўллаш билан якунланган. Бошқачароқ айтганда, масъулиятдан қочишган. Бугунги тизимда жойларга чиқиб,  шунга ўхшаш тақдир эгаларига ёрдам кўрсатилмоқда.  Мисол учун, мобил офисимиз Конимех туманининг Боймурод овулида бўлганида умрини чорвага бағишлаган 63 ёшли Кейлимжан Жаманбаев  туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқлигини айтиб мурожаат қилди. Муаммо ечилди.  «Барака топсин,  мана шу автобусдагилар», дейди содда мижозимиз.

Мобил офис, яъни ўша «автобус» билан боғлиқ яна бир ҳолатга эътибор қаратайлик. Хатирчи туманининг Чилаш қишлоғида кўзи ожиз аёл ногиронлик белгиланмаганлиги, паспорти йўқлиги сабаб 2008 йилда туғилган фарзандига «метрика» ололмаганлиги, боз устига ҳужжатлари тўлиқ эмаслиги сабаб «Аёллар дафтари»га ҳам киритилмаганлигини айтиб, мурожаат қилди. Ушбу фуқаронинг ҳам барча муаммолари белгиланган тартибда ижобий ҳал этилди. 

Бу каби мисолларни яна ўнлаб келтиришимиз мумкин. Бизга номаълумлари ҳам бўлса, ажаб эмас. Демоқчиманки, ФҲДЁ тизимидаги рақамлаштириш нафақат фуқарони рўйхатга олиш, балки уларнинг муаммоларини очиқлашда ҳам ўз самарасини бермоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер