Навоийда илк бор кенгаш котибияти томонидан тайёрланган сессия қандай ўтди?
Сессияда 13 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг доимий комиссиялари томонидан муҳокама этилди.
— Сессияга киритилган масалалар, улар бўйича қабул қилинадиган қарорлар лойиҳасига доимий комиссиялар муҳокамасида бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, — дейди Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари – Кенгаш котибияти мудири Жамолиддин Ҳамроев. — Бу албатта, доимий комиссиялар, депутатлик гуруҳлари фаолиятида фикрлар хилма-хиллиги, таклифлар бериш, сайловчилар манфаатини ҳимоя қилиш фаоллашганидан далолатдир.
— Сессия олдидан доимий комиссия йиғилишида сайловчиларимизни ташвишга солаётган икки масала, яъни Ғозғон шаҳрида газ идораси ва «Бахт уйи»нинг йўқлиги масалаларини муҳокамага қўйиб, ҳар иккаласи бўйича ҳам ижобий натижага эришдик, — дейди 56-«Ғозғон» сайлов округидан депутат Суннат Ҳусайнов. — Энг муҳими, доимий комиссиялар йиғилишида мутасадди идоралар раҳбарлари иштироки таъминланиб, кўрилаётган масала бўйича барча маълумотларга эга бўлмоқдамиз.

Сессияда депутатлар Республика Президентининг мамлакатимиз парламентига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар бўйича Навоий вилоятида амалга ошириладиган ишлар ва улардан кўзланган натижалар бўйича вилоят ҳокими К. Турсуновнинг маърузасини тингладилар.
Маърузада мурожаатноманинг йўналишларида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бериш, барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг, айниқса бюджет тушумларини бажарилишини жойларда сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича Кенгаш томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш асосий вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари мурожаатномада амалга ошириладиган аниқ ишларни ҳам молиявий ҳам инсоний ресурсларини белгилаб берганлигига эътибор қаратилиб, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш юзасидан аниқ-равшан чоралар кўриш жорий йилда ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.
Шу жиҳатдан энг аввало, Президентимиз ташаббуси билан жорий йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» дея эълон қилиниши ёшлар ва соғлиқни сақлаш масалалари тараққиётимизнинг янги даврида ҳам Президентимиз бошчилигидаги давлат сиёсатининг изчиллигининг ёрқин ифодасидир.
Чунончи жорий йилда вилоятда мактабгача таълим қамровини 80 фоизга, 2023 йил охирида эса 100 фоизга етказиш, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг моддий техника базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 30 млрд сўмлик маблағлар йўналтириш, вилоятнинг туман (шаҳар) марказларида математикага ихтисослашган 6 та, кимё-биологияга ихтисослашган 5 та, ахборот технологияларига ихтисослашган 9 та мактаб фаолияти жорий йилда ташкил этилади.
Шунингдек, ёшларнинг қизиқишлари инобатга олиниб, жорий йилда 30 фоиз ёшлар маданият ва санъатга, 30 фоизи жисмоний тарбия ва спортга, 15 фоизи компьютер саводхонлигига ва 25 фоизи китобхонликка жалб этилиши режалаштирилмоқда. Мазкур бешта муҳим ташаббус доирасида 221,1 минг (96 %) нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинади. Ушбу мақсадлар учун 43 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида эса 2021 йилда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳоли жамоат саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш, бу борада авваламбор соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни оширишни тизимли ташкил этиш ҳамда кенг тарғиб қилиш устувор вазифа бўлиб, мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш,аҳоли гуруҳ мансублигига кўра белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтказиш ва саломатлиги даврий кузатувга олиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, жорий йилда аҳолининг 900 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини сиҳатгоҳларда бепул даволанишлари ташкил этилади. Навоий давлат педагогика институтида «Тиббиёт» факультетини очиш ва 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар ўқишини ташкил қилинади.
Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини кенг қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилга инвестиция дастури доирасида 13,9 млрд. сўмлик 4 та спорт объектларини (Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа Нурота ва Хатирчи туманларида) таъмирлаб, халқимиз учун фойдаланишга топширилади. Шу орқали аҳолининг спорт билан шуғулланиш даражаси 19 фоиздан 35 фоизга етказилади.
Маърузада шунингдек, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш, давлат харидлари соҳасини такомиллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш, жумладан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 2021 йилда саноат йўналишида уч баробарга, қишлоқ хўжалигида тўрт баробарга, хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳаларни беш баробарга ошириш чоралари кўриш, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тизимини яхшилаш бўйича долзарб масалалар юзасидан вазифалар депутатлар муҳокамасига ташланди.
Сессияда вилоят сектор раҳбарлари, вилоятда қонунчиликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан 2020 йил якуни бўйича вилоят прокурорининг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 октябрдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими устидан парламент назоратини ташкил этиш тўғрисида»ги Қўшма қарорининг вилоятдаги ижроси сессияда депутатлар томонидан муҳокама этилди.
Кун тартибидаги барча масалалар бўйича халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Сессия ишида Республика Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э.Гадоев ҳамда Сенатнинг Навоий вилоятидан сайланган аъзолари иштирок этдилар.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг