Навоийда афғон гиламларини тўқиш йўлга қўйилади

14:20 28 Март 2022 Жамият
547 0

Фото: Халқ сўзи

Ёрқин рангларда, бежирим нақшинкор Шарқ гиламлари ҳар доим дунё бозорида қадрланган. Гилам тўқиш технологияси қанчалик такомиллашмасин, қўл меҳнатида тайёрланган Эрон, афғон, туркман, ўзбек гиламларининг асл тарҳ ва шакллари халқларимизнинг умумий тарихи, маданияти ва бошқа анъанавий ҳунарлари билан алоқадор бўлгани боис ҳеч вақт эскирмайди. Аксинча, бир-бирини турли даврларда тадбиркорлар саъй-ҳаракати туфайли бойитиб келган.

Навоий шаҳрида қўшни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри фуқароси, тадбиркор Қиёмиддин Қоте томонидан афғон гиламлари тайёрлаш бизнес лойиҳасини шу каби хайрли тадбирлар сирасида санаш мумкин.

Қиёмиддин Қотенинг ниятлари шаҳар ҳокими М. Базаров томонидан маъқулланиб, юзма-юз мулоқотда ушбу лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

— Навоий Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадор ҳудудларидан бири, — дейди Қиёмиддин Қоте. — Яна бир муҳим жиҳати, ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ҳудуд барқарор хом ашё ресурсларига эга. Шунингдек, муҳандислик ва йўл-транспорт коммуникация тармоқлари жиҳатидан ниҳоятда қулай. Мана шу жиҳатлар ҳар қандай бизнесда устуворлик беради.

Мазкур лойиҳага кўра Навоий шаҳрида юз нафардан ортиқ маҳаллий хотин-қизлар иш билан таъминланади. Шу билан бирга вилоятдаги чорвачиликка ихтисослашган туманларда жун хом ашёсини реализация қилишда мавжуд имкониятларни кенгайтиради.

Мулоқотда гилам тўқиш ускуналарини афғонистонлик ҳамкорлар томонидан олиб келиб ўрнатиш, тўқиш сир-асрорларини маҳаллий хотин-қизларга ўргатиш мақсадида афғонистонлик мутахассисларни жалб этишнинг ташкилий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, қўл меҳнати орқали тўқиладиган ушбу гиламларни Европа давлатларига экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?