Навоий вилоятида кибержиноятчилик 35 баробарга ортган

16:37 11 Февраль 2025 Жамият
194 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи сессиясида вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларнинг 2024 йил якунлари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала бўйича вилоят прокурори ва вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ахбороти ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг ҳисоботи тингланди.

Таъкидландики, мамлакатимиз Президенти томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши ва тизимли ислоҳотларнинг амалга оширилиши туфайли вилоятнинг 330 маҳалласидан 111 тасида 2024 йили бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Ҳудудда босқинчилик, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, безорилик, талончилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби турдаги жиноятлар содир этилиши сезиларли даражада камайган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноятларни аниқлаш амалиёти 30 фоизга яхшиланган. Ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан жиноят содир этилиши камайишига эришилган.

Бироқ вилоятда жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишлар ҳали кўнгилдагидек эмаслигини олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони 2023 йилга нисбатан икки фоизга ошганлигида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, қотиллик, фирибгарлик, ўғирлик жиноятлари 140 фоизга қадар ошганлиги жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги тадбирлар айрим ҳудудларда тўлақонли йўлга қўйилмаганлигини ифода этади.

— Фуқароларимизнинг соддалиги ва очиқкўнгиллигидан айрим нопок шахслар томонидан фойдаланиш оқибатида вилоятда кибержиноятчилик 2023 йилга нисбатан 35 бараварга, яъни 52 тадан 1810 тага ошди, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев. — Ушбу жиноятларнинг содир этилиши ҳолатларга қарасак, деярли барчаси бир хил — бир-биридан олис масофадаги шахслар ахборот технологиялари орқали муносабатга киришиб, маблағини ўзлаштириб олишмоқда. Содир этилган ушбу жиноятларнинг 75 фоизи интернет тизими яхши йўлга қўйилган Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Кармана ва Хатирчи туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Сессияда ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддиларига кибержиноятчиликка қарши курашишда профилактика ишларини кучайтириш ва аҳолининг киберсаводхонлигини ошириш бўйича тарғибот тадбирларини кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Сессия кун тартибидаги масалалар бўйича ўз қарорларини қабул қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?