Навоий кон металлургия комбинатида маҳсулот таннархи 5,5 фоизга пасайишига эришилди
Фото: “Халқ сўзи”
Бу ҳақда акциядорлик жамияти томонидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган асосий натижалар ва жорий йил якунига қадар белгиланган вазифаларга бағишланган Матбуот анжуманида маълумот берилди.
Анжуманда комбинат бош директорининг иқтисод ва молия масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Аминов ахборот бериб, ҳисобот даврида комбинат томонидан 31,6 трлн. сўмлик (режага нисбатан 110,4 фоиз) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани, жумладан, олтин ишлаб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткич 100 фоизга, кумуш ишлаб чиқариш прогнози эса 100,5 фоизга бажарилганини таъкидлади.
— Инвестиция дастури доирасида 255 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 11 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, — деди Ш. Аминов. — Хусусан, “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш (6-сон ГМЗ) инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда мазкур заводнинг иккинчи босқичини ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Йил якуни билан қиймати 408,8 млн доллар бўлган 5 та лойиҳа ишга туширилади.
Шунингдек, корхонада маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 324 млрд. сўмни ташкил этиб, 154 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш эвазига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 115 фоизга етди. Комбинат қувватларида 868 та янги иш ўринлари ташкил қилинди. Соф фойда 7,8 трлн. сўмни ташкил қилиб, бюджетга 14,1 трлн. сўм солиқ ва дивидендлар тўланди.
Корхонада бугунги кунда трансформация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари лавозими ҳамда лойиҳа офиси ташкил этилган.
— Трансформациянинг мақсадлари ва устувор йўналишларини белгилайдиган “НКМК” АЖнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган трансформация дастури тасдиқланган, — дейди АЖнинг бюджетлаштириш ва контролинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. — Дастурга мувофиқ комбинатда хомашё базасини ривожлантириш, асосий ишлаб чиқариш ва ёрдамчи жараёнларнинг операцион самарадорлигини ошириш, рақамлаштиришни кенг жорий қилиш, инвестицион жараёнларни ривожлантириш ва лойиҳавий қарорларни мақбуллаштириш, ESG ва саноат хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор долзарб вазифалар белгиланди.
Матбуот анжуманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан сув иситишда фойдаланиш, яъни гелиоколлекторларни амалиётга жорий этиш масаласида ҳам атрофлича маълумот берилди. Таъкидланишича, бугунги кунда комбинатда 1 647 дона қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, уларда кунига 240 минг литр иссиқ сув ишлаб чиқарилмоқда. Қурилмалардан фойдаланиш йилига 377 минг куб метр ҳажмдаги табиий газни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Йил якуни билан комбинатдаги мавжуд қуёш сув иситиш қурилмаларининг умумий сони 5 000 донага етказилиб, бир кунда 725 минг литр иссиқ сув ишлаб чиқариш ва йилига 1,7 млн. куб метр табиий газ истеъмолини камайтириш имконияти яратилади. Натижада комбинат объектларининг апрель-октябрь ойларида иссиқ сувга бўлган эҳтиёжи 100 фоиз қуёш сув иситиш қурилмалари ҳисобидан қопланишига эришилади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг