Навоий биобиблиографияси нашрга тайёрланмоқда

14:01 07 Февраль 2024 Маданият
261 0

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 23 январь сонида эълон қилинган “Мамлакат устуни, давлат таянчи” сарлавҳали мақолада академик Акмал Саидов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Амир Алишер” номли китоби ҳақида фикр юритиш асносида юртимизда навоийшуносликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам урғу берган.

Олим мақоласида янги Ўзбекистон билан боғлиқ бугунги давр воқелиги Алишер Навоийнинг халқимиз ва жаҳон маданияти ҳамда илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини янада кенг тарғиб этишни кун тартибига қўяётганини таъкидлайди. Бунда мустақиллик шарофати билан Навоий биобиблиографиясини тўлиқ ўрганиш ва ҳақиқий таржимаи ҳолини яратиш, ул зотнинг ижоди ва маънавий меросини аслича, моҳиятини теран тушунган ҳолда тадқиқ қилиш борасида юзага келган имкониятлардан изчил ва самарали фойдаланиш талаб этилишини айтади.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси библиографлари томонидан 1968 йили ўзбек ва рус тилларида “Алишер Навоий” биобиблиографик кўрсаткичи тайёрланиб нашр этилган. Бу муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ундан ҳозирги кунгача илмий тадқиқот ишларида фойдаланиб келинмоқда. Аммо библиографияга асосан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондидаги адабиётлар киритилган.

1991 йил Алишер Навоий ҳазратларининг 550 йиллик юбилейи баҳонасида камина ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси библиографи, малакали мутахассис, ҳозирда пенционер Апипа Туропова билан ҳамкорликда “Алишер Навоий” биобиблиографиясини ўзбек ва рус тилларида нашрга тайёрладик. Айрим сабабларга кўра унинг ўзбек тилидаги нусхаси газета қоғозида нашр этилди, рус тилидаги нусхаси эса йўқолиб кетди.

Биламизки, шахс библиографияси унинг ҳаёти ва ижоди, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий фаолиятига оид барча турдаги маълумотларни ўз ичига олувчи кўрсаткич ҳисобланади. Библиограф ҳар бир материални, китоб ёки мақолани илмий таҳлил қилиб, мазмунига ёхуд белгиланган тартибга кўра жойлаштиради. Бундан мақсад — фойдаланувчини қизиқтирган мавзу, муаммо, асар номи, тури, нашр йили ва жойи, қайси тильдалигидан қатъи назар, зарур маълумотни осон, тез ва қулай топишига ҳамда фойдаланишига имкон яратишдир.

Шу жиҳатдан, “Алишер Навоий” биобиблиографиясининг янги нашри, шубҳасиз, буюк шоир ва мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ҳамда ижодини ўрганишда муҳим қўлланма бўлади.

Устозим, марҳум академик Азизхон Қаюмов таклифи ва ташаббуси билан 1979 йилдан буён Навоий биобиблиографиясини тузиб нашр эттириб келамиз. Аввал йиллик библиографиялар, кейинчалик алоҳида библиографик кўрсаткич, ҳозирги вақтда эса деярли 100 йиллик вақтни ўз ичига олган биобиблиографияни нашрга тайёрлаяпмиз. Унга нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда нашр этилган манбалар ҳам киритилган. Манбалар нашрларнинг турлари, Алишер Навоий ва унга оид асарларнинг турлари, масалалар бўйича алоҳида гуруҳлаштирилган. Тадқиқотчиларнинг вазифаси, олдига қўйган мақсадидан келиб чиқиб, манбаларни нашр йили, тури, алоҳида асарлари бўйича топиш мумкин. Ҳозирги кунда кўрсаткич 890 саҳифадан иборат. Адабиётлар жами 13 мингга яқин рақамлар остида тартибга солинган. Бу ишнинг аҳамияти шундаки, даҳо бобомизга оид қандай манба бўлса, китобхон ўзига кераклисини топади, улар билан ишлай олади.

Масалан, ҳазрат Навоийнинг “Меҳрибоне топмадим” ғазали 10 та манбада нашр этилган бўлса, эндиликда улар бир жойга йиғилди. Ёхуд “Хамса” ҳақидаги материаллар достонлар номи остида алоҳида берилган. Алишер Навоий асарлари қайси тильда, масалан, инглиз, немис, латиш, тожик тилида чоп қилинган бўлса, тил номи остида жойлаштирилган. Ҳар бир материал илмий нуқтаи назардан таҳлил этилиб, кўрсаткичнинг тузилиши белгиланган.

Ўйлаймизки, мазкур биобиблиография навоийшуносликда сарҳисоб қилиш вазифасини ҳам ўтайди, Алишер Навоий ижодига қизиқишни оширади, шоир билан боғлиқ маълумотларнинг сақланиб қолишига асос бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон библиографиясининг такомиллашиб боришига ёрдамлашиб, шу соҳада таълим олаётган ёшларнинг назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаб боришига туртки беради.

Зуҳра БЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

таркибидаги Фундаментал кутубхона директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?