«Навбаҳор» мухлислари Бухорога поездда борадиган бўлдилар

15:39 24 Октябр 2022 Жамият
437 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда «миллионлар ўйини»га ишқибозликда наманганликларнинг олдига тушадиган йўқ ҳисоби. Ўзининг севимли жамоасига садоқатини ҳар бир учрашувда стадионни тўлдириш билан исботлайдиган бу инсонлар сафар ўйинларини ҳам қолдиришмайди. Уларнинг қўллаб-қувватлаши эса «Навбаҳор»чиларга алоҳида куч-ғайрат бағишлаши амалда исботини топган.

Масаланинг айни жиҳатини эътиборда тутган Наманган вилоят ҳокимлиги мухлисларга атаб муносиб туҳфа тайёрлади. Гап шундаки, жамоанинг «Насаф» билан жорий йил 30 октябрь куни ўтказиладиган баҳси учун Бухородаги «Марказий» стадиони белгиланган. Масофа анчагина узоқ ва транспорт масаласи ҳам осон эмас. Энди бу муаммога ўрин қолмади. «Наманган-Бухоро-Наманган» йўналиши бўйича бир марталик поезд қатнови йўлга қўйиладиган бўлди.

Поезд мухлисларни Наманган шоҳбекатидан олиб кетади ва ўйин якунланганидан сўнг ортга олиб қайтади. Бухорога бориш истагидаги ишқибозлар сафи ҳозирданоқ тўлиб бормоқда. Бинобарин, Ўзбекистон кубоги финали ҳар қачонгидан муросасиз ва бетакрор ўтишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер