НАТО давлатлари Россия сув ости кемаларини овлаш бўйича машғулотлар ўтказди

20:29 07 Май 2023 Дунё
965 0

Фото: Reuters

НАТОга аъзо давлатлар сув ости кемаларини кузатишни кучайтириб, Россия ва бошқа мамлакатларнинг сув ости кемаларини ов қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган "Dynamic Monguose" машқларини ўтказдилар. Бу ҳақда "Bloomberg" ёзмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, машғулотлар 24 апрелда бошланган ва 5 майда якунланди. Уларда НАТОнинг 12 та давлати, жумладан АҚШ, Канада, Испания ва Португалия иштирок этди. Мазкур мамлакатлар ўзларининг денгиз патруль самолётлари, кемаларини бирлаштириб, сохта душман сув ости кемасини излади.

Машғулотлар альянс учун стратегик ҳудуд ҳисобланган Гренландия — Исландия — Буюк Британия йўлаги деб аталадиган ҳудудда бўлиб ўтди. Ушбу йўлак Россия кемалари Атлантика океанига кириш учун ўтади. НАТО улар тижорий юк ташишни тўхтатиши, АҚШ ҳарбий таъминот линияларини узиб қўйиши ёки сув ости трансатлантик маълумот кабелларини саботаж қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

"Биз иттифоққа сув ости кемалари аниқланмаслик учун фойдаланишга ҳаракат қиладиган ҳудудда қандай ҳаракат қилишни ўргатишимиз муҳим", дейди НАТО сув ости кемалари қўмондони, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари контр-адмирали Стивен Мак.

Шу йилнинг 30 апрель куни НАТО қирувчилари Шимолий Атлантика узра Россия денгиз патруль самолётини кузатиб бориш учун ҳавога кўтарилган эди. НАТО Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида таъкидланганидек, бу ерда гап BEAR-F кодли "Ту-142" ҳақида кетяпти. НАТОнинг аниқлик киритишича, уни кузатиш учун Буюк Британия ва Норвегиянинг тезкор қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?