NASA Ойга таҳдид солаётган астероидни ядровий зарба билан йўқ қилиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда

23:28 27 Сентябр 2025 Дунё
181 0

АҚШнинг NASA агентлиги 2032 йилда Ойга урилиши мумкин бўлган 2024 YR4 астероидини тўхтатиш бўйича бир нечта сценарийни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда агентлик сайёравий ҳимоя бўйича олиб бораётган таҳлилларда маълум қилинди.

Мутахассислар кўриб чиқаётган асосий йўллардан бири — астероиднинг орбитасини ўзгартириш. Жуда кичик траектория ўзгариши ҳам Ойга урилиш хавфини йўқотиши мумкин. Бироқ бунга эришиш учун объектнинг аниқ массасини билиш зарур, акс ҳолда хато ҳисоблар тескари натижа бериши мумкин.

Яна бир йўл — астероидни бузиб ташлаш. Олимлар уни оғир космик аппарат зарбаси ёки ядровий портлатиш орқали парчалаш имконини кўриб чиқмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан бир мегатонна қувватга эга ядровий зарба 2024 YR4 ни Ой учун хавфсиз бўлган кичик фрагментларга бўлиб ташлаши мумкин.

NASA олимлари астероиднинг 2028 йилдаги яқинлашувини кутмоқчи. Шу пайтда унинг аниқ ўлчамлари ва массаси ҳақида кўпроқ маълумот олиниб, охирги қарор қабул қилинади.

Маълумот учун, 2022 йилда NASA ўзининг DART миссияси доирасида биринчи марта астероид йўлдошининг орбитасини муваффақиятли ўзгартирган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?