Наманганлик шифокорлар – Қорақалпоғистонда

15:59 11 Август 2022 Жамият
474 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилояти тиббиёт ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда маҳаллий шифокорларга яқиндан ёрдам бермоқда. Йил бошидан бери вилоят вакилларидан иборат гуруҳлар босқичма-босқич Оролбўйига жўнатилмоқда. Айни пайтда ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг беш нафар малакали шифокори Қораўзак туманида бўлиб турибди.

— Ишни Қораўзак тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ташкил этишдан бошладик, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров. — Кўплаб фуқароларда турли касалликлар аниқланди. Зарур ҳолларда туман марказий шифохонасида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Айрим беморларни Нукусдаги тиббиёт марказларида, қолаверса, Наманганда даволаш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга Қораўзакнинг олис ҳудудларидаги поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларига бориб, у ерда яшовчиларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиляпти. Ёши улуғ ва ҳаракати чекланган беморларнинг уйларига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олинмоқда, зарур дори-дармонлар бепул етказиб берилмоқда.

Намангандан борган тиббий гуруҳ таркибида малакали болалар невропатологи, эндокринолог, кардиолог, жарроҳ ва онколог бор. Куни кеча бу ерда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали интервенцион кардиологи Миржалол Юсупов томонидан юқори технологик эндоваскуляр жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказилди. Тажрибали шифокорнинг кўмаги билан қораўзаклик Ўракбой Айтмуратов кўп йиллардан буён безовта қилаётган дарддан қутулди.

Қорақалпоғистонда бўлиб турган шифокорлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга қораўзаклик ҳамкасбларига даволаш ва диагностика ишларини янги босқичга кўтаришда ҳам амалий-услубий ёрдам кўрсатмоқдалар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?