Намангандаги IT компанияси инсон ҳаракатларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳани ишга туширди

18:52 24 Май 2024 Жамият
519 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Республикамизда айни йўналишда биринчилар қаторида ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилган мазкур лойиҳа гуллар шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган «IT-Park» резиденти «Nightmare Labs» компаниясига тегишлидир. Компаниянинг асосий негизи «Motion Capture» технологияси билан инсон ва турли мавжудотлар ҳаракатларини рақамлаштиришга қаратилган интерактив студия ҳисобланади. Яқин кунларда старт берилган ва бир миллиард сўм қийматга эга стартап лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги IT-экспортига йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

— Лойиҳа тўла амалга ошиши билан йилига бир миллион АҚШ долларига тенг экспорт имконияти юзага келади, — дейди IT park Наманган вилоят филиали лойиҳалар менежери Шерзод Турсунов. — Бу кўрсаткични компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи бир қатор халқаро компаниялар томонидан таклиф этилаётган буюртмалар ҳажмидан келиб чиқиб айтяпман. Ҳозирданоқ уларнинг биринчиси – 5 минг АҚШ долларига тенг буюртмани бажариб улгурдик.

«Nightmare Labs» IT parkнинг Наманган вилоятидаги эллик саккизинчи резидентидир. Рўёбга чиқарилган лойиҳанинг дастлабки босқичида бу ерда 7 нафар ахборот технологиялари устаси мураккаб дастур асосида меҳнат қилаётир. Яқин вақт ичида улар сони 20 тага етиб, иш ҳажмлари кескин ортади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?