Наманганда тез тиббий ёрдам филиали қайта ташкил этилди
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Бугун юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июнда қабул қилинган «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Буни Республика тез тиббий ёрдам марказининг Наманган ҳудудий филиали фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.
— Илгари Тез тиббий ёрдам машиналари алоҳида корхонага, шаҳар тез тиббий марказлари республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига, туманларда эса ҳудудий тиббиёт бўлимларига бўйсунарди, — дейди мазкур филиал директори Адҳамжон Ирисбоев. — Филиал фаолияти тартибли йўлга қўйилгач, ягона бошқарув тизими яратилди.
Янги тизим натижасида 1085 нафар шифокор, 3180 нафар ўрта, 243 нафар кичик тиббиёт ходими, 1312 нафар ҳайдовчидан иборат 14 та марказлашган пункт, 124 та шохобча шакллантирилди. Улар учун сифатли хизмат кўрсатишга қулай жойларда замонавий бинолар ажратилди. Ҳар қандай турдаги шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга 61 та «Wolksvagen» русумидаги автомобиллар, кўплаб реаномобиллар келтирилди. Ёқилғи-мойлаш, дори-дармон, сарфлов материалларидаги тақчилликлар барҳам топди. Эндиликда филиал автоматлаштирилган вертикал бошқарув асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу аввало, куч ва воситаларни бир вақтда, бир мақсадга йўналтириш имконини беради. Вилоят бўйича чақирув қўнғироқларини қабул қилувчи -марказда 44 та оператор хизмат кўрсатади. Улар кунига 7 мингга яқин чақирувларни қабул қилиб, бир дақиқада шаҳар, туман, қишлоқлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларига етказишга муваффақ бўлмоқда.
Ваҳоланки, эскича тартибда ишланган пайтлари чақирувни ёзиб олиш, уни ижрочиларга етказишга ўнлаб дақиқалар кетар, бу ўз навбатида қанча норозиликларни келтириб чиқарарди. Ҳозир Call-марказ ташкил этилиб, чақирувлар электрон шаклга ўтказилган. Яъни, чақирув ҳақидаги хабар олинган заҳоти тез тиббий хизмат бригадаларига бериб қўйилган планшетларда акс этади. Бригада тезда бемор манзилига йўналади. Ходимлар фаолияти онлайн тарзда назорат қилиб борилади.
Амалиётда қўнғироқ қилувчиларнинг баъзилари тиббий маслаҳат сўрашлари кузатилади. Янги тизим бу хизмат турини ҳам ўз ичига олган. Call-марказ таркибидаги етук мутахассислар, тажрибали шифокорлар фуқарони обдон тинглаб, ҳолат юзасидан тавсия ва маслаҳатлар беради.
Филиалда кун мобайнида чақирувлар камлиги сабабли шаҳардаги тез тиббий ёрдам бригадалари оптималлаштирилди. Тежалган куч ва воситалар ҳисобига «тиғиз вақт», яъни, кечки соат 18 дан эрталабки 6 гача фельдшерлик гуруҳлари икки ҳисса кўпайтирилмоқда. Бу билан тунги паллада мурожаат қилганларнинг ҳаммасига ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлинади. Эътиборли жиҳати, вилоятнинг энг чекка ҳудудлари аҳолиси ҳам мана шундай кафолатланган сифатли хизматдан баҳраманд. Масалан, Мингбулоқ туманининг вилоят марказидан 120 километр олисда жойлашган Гулбоғ қишлоғи тез тиббий ёрдам пункти 5 та маҳалладаги 10 минг 600 нафардан ортиқ фуқаронинг чақирувига ҳозиру нозир.
— 136 минг аҳоли чақирувлари учун 10 та махсус автомашина ажратилган, — дейди филиалнинг Мингбулоқ тумани бўлими мудири Дилбар Бўтаева. — 44 врач, 102 ўрта тиббиёт ходими марказ ва қишлоқларда кеча-кундуз беморлар дардига дармон бўлмоқда.
Қамчиқ довонидан ўтган Наманган—Тошкент йўлининг «Резак» тез тиббий ёрдам шохобчаси бу ердаги мингга яқин аҳоли ва йўловчиларга хизмат кўрсатади. Маскан мукаммал жиҳозланган реанимацион хона, шошилинч ёрдамга оид замонавий воситалар, барча касалликлар муолажаси учун ихтисослаштирилган реаномобил билан таъминланган. Умуман олганда, илгари атиги битта шохобча иш юритган Қамчиқ довонида бугун ҳар бирида махсус машина, врач, фельдшери бўлган 6 та бригада фаолият олиб бормоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг