Наманганда инклюзив таълим ривожланмоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Инклюзив таълим ногиронлиги бор болаларининг соғлом тенгдошларидан кам бўлмаган даражада билим олишлари йўлида яратилган имкониятдир. Жойларда улар учун ташкил этилаётган алоҳида синфлар айни мақсад учун хизмат қилади.
Наманган шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ҳозирги пайтда 7 та инклюзив синф фаолият юритиб, 11 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бор ўқувчилар таҳсил олмоқда. Улар билан икки нафар махсус педагог, шунингдек, дефектолог, психолог ва ҳамширалар алоҳида ишлаб, болаларни мактаб муҳитига мослаштириш ва сифатли таълим беришда фан ўқитувчиларига амалий ёрдам кўрсатмоқда.
— Таълимнинг ушбу тури нафақат болаларга билим бериш, балки уларни жамиятга интеграция қилиш, мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим ўрин тутади, — дейди мактаб директори Ўктамхон Мирзаева. — Муассасамизда мазкур йўналишда анчагина тажриба тўпланган. Яқин ўн йилдан буён Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида ресурс маркази сифатида фаолият кўрсатиб келмоқдамиз. Мутахассисларимиз бир қатор ёндош касалликка чалинган, яъни, тил ва эшитишда нуқсони бор, шунингдек, мия фалажлиги натижасида ривожланишдан орқада ўғил-қизлар билан умумий фанларни ўзлаштириш бўйича енгиллаштирилган қўшимча машғулотлар ҳам олиб боради. Бу ногиронлиги бор ўқувчиларимиз олаётган сабоқ натижасида ўз самарасини кўрсатмоқда.
Маълумот учун: ҳозирда Наманган вилоятида 98 та мактабда инклюзив синфлар мавжуд бўлиб, 174 нафар махсус эҳтиёжли болалар ўқувга жалб қилинган. Келгуси йилда ушбу кўрсаткич янада оширилиб, 162 та мактабда шундай синфлар очиш режалаштирилган. Бу билан яна 377 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болалар таълимга қамраб олинади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг