Наманганда 500 гектар ерда лаванда етиштирилмоқда

16:58 12 Июнь 2024 Жамият
197 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Лаванда жаҳон бозорида юқори баҳоланаётган маҳсулот. Инсон саломатлигига ҳам фойдаси бор. Гули таркибида 1,2-2,3 фоиз миқдорида эфир мойи бўлиб, у тинчлантирувчи, асаб, юрак билан боғлиқ бир қанча касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимликнинг гектаридан 70-80 литргача мой олинади. Деҳқончиликка қулай жиҳати, лаванда кўп сув ва парвариш талаб қилмайди. Бир марта экиб, ўттиз йилгача ҳосил олиш мумкин.

Наманган вилоятида лаванда етиштириш ташаббуси билан чиққан «Меҳригиё» масъулияти чекланган жамиятига Чоркесар маҳалласи ҳудудидан 500 гектар майдон ажратиб берилди. Ҳозирга келиб ранг-баранг тусдаги лавандазорлар кўрган кишининг кўзини яшнатади.

— «Меҳригиё»нинг фармацевтика, парфюмерия саноати учун қимматли гиёҳларни қадоқлаш лойиҳаси янги имкониятларимизни ҳаракатга келтирди, — дейди Поп туман ҳокимининг инвестициялар ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Мирзаев. — Унинг қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, тиббий сайёҳлик хизматини йўлга қўйиш, доривор ўсимликларни парваришлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш сингари истиқболли йўналишларни ўз ичига олган.

Айни пайтда бу ерга экилган ўсимликлардан ҳосил йиғиб олишга киришилган. Уларни шу жойнинг ўзида саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ҳудудда сайёҳлик иншоотлари барпо этиш ҳам бошланди. Яқин йилларда туманимизнинг сайёҳлик салоҳияти тиббиёт туризми ҳисобига сезиларли даражада ортади.

Дарҳақиқат, ўтган йили айни йўналишда 7 миллион АҚШ долларига тенг ҳажмдаги ишлар рўёбга чиқарилди. Кейинги босқич учун мўлжалланган йилига 1300 тонна шоколад тайёрлаш цехини бунёд этиш юмушлари ҳам бошлаб юборилди. Бир пайтнинг ўзида йилига 300 тонна шифобахш чойни қадоқлай оладиган қувватлар ҳам тез орада яратилади. Сўнгги босқичда кунлик 1000 нафар сайёҳлик сиғимига эга марказ қуриб ишга туширилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, МЧЖда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг барчаси экологик софлик талабларига тўла жавоб бериб, йилига 12 миллион АҚШ доллари миқдорида Саудия Арабистони, БАА, АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа бир қатор давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер