Наманганда 30 минг босма ва уч миллион электрон адабиётга эга ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди

11:50 19 Март 2021 Маданият
2627 0

Шаҳарнинг Давлатобод туманида қад ростлаган «Янги Ўзбекистон - ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхона маркази чинакам илм-маърифат кошонаси кўринишини олган. У 30 мингдан зиёд турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалар билан таъминланди. Келгуси уч йилда китобларнинг сонини 100 мингтага олиб чиқиш кўзда тутилган.

Туркиянинг “UG Inshaat” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланган лойиҳа асосида қад ростлаган уч қаватли бинонинг умумий майдони 5220 кв. метрни ташкил этади. У мутолаа ва адабиётларни олиш бўлимлари, китоблар архиви ва фонд сақлаш учун мўлжалланган махсус ертўладан иборат. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 1200 кишига хизмат кўрсата олади.

Зиё масканининг кириш қисмида рўйхатга олиш бурчаги, инфокиоска жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир китобхон учун махсус ID карталар берилади ва улар рўйхатга олинади. Шунингдек, бинонинг биринчи қаватида «Болалар майдончаси» ташкил этилган. Ушбу майдончада 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун китоблар, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш учун жиҳозлар ажратилган. Кутубхонага келган ота-оналар учун ҳам зарур қулайликлар яратилган.

Иккинчи қаватдаги босма адабиётлар бўлимидан ижтимоий ҳуқуқий йўналишдаги, шунингдек, бадиий адабиётлар, маҳаллий ижодкорларнинг асарлари, техника ва технологияга оид китоблар, илмий ишланмалар ўрин олган.

Учинчи қаватни эгаллаган IT Park негизидаги рақамли кутубхона ўзининг кенг имкониятлари билан барчага маъқул тушиши табиий. Унинг электрон базасида 3 миллиондан ортиқ электрон адабиётлар, мингдан зиёд аудио китоблар жамланган. Бу ердаги 50 та замонавий компьютер ёрдамида ёшлар электрон китоблардан фойдаланиш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш, лойиҳалар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланишлари мумкин. Хорижий андозалар асосида ташкил этилган «яшил майдонча» ёш дастурчиларнинг эркин ишлашлари учун хизмат қилади.

Бугун мазкур ахборот-кутубхона марказининг тантанали тақдимоти ташкил этилди.

— Катта маблағ ва меҳнат эвазига барпо этилган марказ Наманган аҳли, хусусан, ёшлар учун илм –маърифат ўчоғига айланади, деб умид қиламан, — деди маросимда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов. — Энди гап бу ерда яратилган шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланишда. Бунинг учун фақатгина китобхонлик билан чекланиб қолмасдан, адабий кеча, ижодкорлар билан учрашув, янги асарлар тақдимоти сингари тадбирларни ҳам кенг йўлга қўйиш зарур.

Очилиш маросимида вилоят раҳбарлари, нуроний ва ёшлар иштирок этди. Вилоят ҳокимлиги томонидан мингтадан кўпроқ илмий ва бадиий китоблар зиё масканига совға қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер