Наманганда 110 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга янги уйлар топширилди

12:12 06 Март 2023 Жамият
378 0

Фото: Халқ сўзи

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Тўрақўрғон туманидаги «Ҳумо» тантаналар мажмуасида ташкил этилган байрамолди тантанаси унинг иштирокчилари ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши табиий. Боиси, узоқ йиллардан буён ўз уй-жойига эҳтиёжманд бўлиб юрган бу аёлларнинг орзуси бугун ушалди. Уларга замонавий хонадонлар туҳфа қилинди.

— Турмуш ўртоғим вафот этиб, икки фарзандим билан ота-онамнинг ҳовлисида уч хўжалик бўлиб яшаб келаётгандик, — дейди янги уй калитини қабул қилиб олган Сайёра Турғунова. — Қийинчиликлар ортда қолди, давлатимиз эътибори, яхши инсонлар мадади билан энди ўз уйимиз бор.

Дарҳақиқат, инсон қадрини улуғлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган қатламга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. Ушбу тизим доирасида биргина Наманган вилоятида 2022 йилнинг ўзида 1 минг 410 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 859 нафарига янги хонадонлар топширилди. Бунга қўшимча тариқасида 204 нафар хотин-қизнинг ижара компенсациялари тўлаб берилди ва 621 нафар аёлнинг яшаш жойи таъмирдан чиқарилди.

Тўрақўрғонда ўтказилган тантанали тадбирда ана шу эзгуликларнинг давоми сифатида «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлардан 110 нафарига уй-жойлар тортиқ қилинди. Якунда санъат усталари ва ижрочи ёшлар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?