Наманган давлат университети ташаббуси билан “Экобоғ” ташкил этилди

11:28 11 Март 2024 Жамият
321 0

Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фаол иштирок этаётган Наманган давлат университети жамоаси бундан икки ой муқаддам ўз ҳудудида “Экологик боғ” лойиҳасини амалга оширишган эди.

Ушбу масканни ободонлаштириш мақсадида оммавий ҳашар уюштирилди. Фойдаланишга яроқсиз тошлоқ ерларни ўзлаштириш ҳисобига яратилаётган 1,8 гектар майдонга кўчатлар ўтқазилди. Лойиҳага кўра, ноодатий боғ ўзида дунёнинг 5 та минтақаси, хусусан, Америка, Европа, Осиё ва бошқа мамлакатлар ҳудудида ўсадиган 86 ноёб турдаги 986 туп дарахт ва буталарни, шунингдек, 1000 дан ортиқ декоратив гулларни ўз ичига олади. Улар рақамлаштирилиб, QR код билан белгиланади, бу орқали дарахт, бута ёки гулнинг номи, ватани, ўзига хос биологик хусусиятлари ҳамда ким томонидан қачон экилгани ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.

— “Экобоғ”нинг вазифалари кўп қиррали, — дейди биология фанлари доктори Даврон Деҳқонов. — Унинг ташкил этилиши натижасида ўн еттита фан бўйича очиқ амалий ва лаборатория машғулотларини олиб бориш, Наманган вилоятида тарқалган 75 турдаги эндемик, ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликларни муҳофаза қилиш, ўсимликларни муҳофаза стратегияси, янги навларни яратиш, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги оқибатларини юмшатиш бўйича илмий-тадқиқотлар ўтказиш вазифалари белгиланган.

Янги боғинг яна бир амалий аҳамияти шундаки, бу ерда ОТМдаги биология ва биотехнология йўналишлари талабалари учун 17 та фанлардан тажриба-синов ва очиқ амалий машғулотларни ташкил этиш учун имконият вужудга келади. Ўз навбатида, таълим сифатини янада ошириш, “Экобоғ”дан манзарали ўсимликларни етиштириш ва парваришлашга оид очиқ тажриба участкаси сифатида фойдаланиш, таълим ташкилотлари — университет инновацион корпоратив ҳамкорлиги асосида мақсадли кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер