“Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” 

20:01 25 Май 2023 Маданият
702 0

Фото: «Халқ сўзи»

Самарқандда ана шу мавзуда халқаро форум ўз ишини бошлади. Икки кунлик мазкур анжуман давомида илмий-амалий конференция, кўп жилдли каталог тақдимоти, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари ташкил этилади.

Бугун 25 май куни Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон фанлар академияси ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида “Музейлар - маданий мероснинг муҳим манбаи: анъаналар ва янгиланишлар” халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Маданий мерос агентлиги, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон фанлар академияси Милллий археология маркази, Олий ўқув юртлари, давлат музейлари ходимлари ва бошқа илмий жамоатчилик ходимлари, Қозоғистон, Россия, Франция, Италия каби давлатларнинг мутахассис олимлари иштирок этишди.

Конференцияда археология мероси объектларини консервация қилиш ва музейлаштиришда уларнинг аҳамиятини аниқлаш ва баҳолашнинг аҳамияти, маданий мерос объектларининг аҳамиятини аниқлаш босқичлари, баҳолаш, муҳофаза қилиш ва сақлашдаги ўрни ҳамда бундан келиб чиқадиган мақсад, уларни келажак авлодга етказиш, шунингдек, фойдаланишни йўлга қўйиш усулларини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари сўнгги йилларда ноёб ёдгорликларни ўрганиш, таснифлаш, реставрация ва консервация қилиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ўз ифодасини топди. Археологик ёдгорликларни музейлаштиришда мавжуд турли ёндошувлар ва мезонлар, яъни, ёдгорликнинг тарихий аҳамияти, сақланиш даражаси ва бадиий қиймати кабиларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадқиқотлар натижасида археологик ёдгорликларни музейлаштириш, консервация ва реставрация қилиш, сақлаб қолиш ва ҳужжатлаштириш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилиб, уларни амалиётга жорий этиш усулларини йўлга қўйиш таклифлари киритилди.

Мазкур халқаро конференциядан кўзланган мақсад нафақат Ўзбекистон, балки бутунжаҳон музейшунослиги ҳамда археология соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими юзасидан мутахассислар олдида турган устувор вазифаларни белгилашдан иборатдир. Шу билан бирга конференция давлат музейлари тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги тутган ўрнини ошириш, музей фондларида сақланиб келинаётган нодир экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш, музей фондларини бойитиб бориш, дунё миқёсида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилишда музокара майдончаси вазифасини ўтайди.

Конференцияда кўтарилган қатор долзарб масалалар соҳа олимлари ўртасида музей иши назарияси ва амалиёти, соҳадаги янги усул ва воситалар, амалиётда инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, тарихий-маданий ёдгорликларни музейлаштириш, музейларда илмий тадқиқот фаолиятни жонлантириш ва албатта бугунги кунда замонавий музейшуносликнинг муҳим бўғинига айланган музей менежменти ва маркетинги каби йўналишларни кенг муҳокама қилинишига замин яратди.

26 май куни форумнинг иккинчи кунида Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Самарқанд музейи дурдоналари туркумидан” кўргазмаси очилиши,  ва “Буюк ипак йўли тадқиқотлари” кўп жилдли каталогининг тақдимот маросими бўлиб ўтади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер