Муваффақиятнинг етти йиллик йўли

11:18 06 Декабрь 2024 Жамият
287 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». 2018 йилнинг январи. Қамаши туманида яшовчи Баҳром Тоштемиров туман ҳокимлиги биносига бироз иккиланиш, бироз истиҳола билан кириб борди.

Ҳокимлик масъуллари уни қабул қилиб, қандай юмуш билан келгани ҳақида сўрашди. Баҳром тадбиркорлик қилмоқчи эканлиги, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун ер кераклигини айтди.

— Нима ишлаб чиқармоқчисиз? — сўрашди яна. Баҳром эса қўлидаги бизнес-режалари туширилган ҳужжатларни узатар экан, ванна ва раковиналар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчилигини билдирди.

— 2005 йилда иш излаб пойтахтга борган эдим, — гапни давом эттирди у. — Анча йил сантехника маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган бир дўконда ишладим. Бундан ташқари, ванна ва раковиналар ишлаб чиқарадиган корхонанинг ходимлари билан танишиб, улардан ҳам иш ўргандим. Энди ўзим ҳам шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйсам дегандим.

Албатта, чекка, ҳали саноат у қадар ривожланмаган ҳудудда бир йигит замонавий корхона очаман, ўнлаб одамларни иш билан таъминлайман, деб турса-ю, йўқ деб бўладими?! Баҳром Тоштемировдаги шижоат, аниқ режа ва қатъиятни кўрган туман ҳокимлиги масъуллари ҳам уни тўлиқ қўллаб-қувватлашди. Туманнинг Қизилтепа маҳалласи ҳудудидаги бир пайтлар жамоа хўжалиги омборхонаси бўлган эски бино ёш тадбиркорга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун ажратиб берилди.

Баҳром Тоштемиров эса бир неча кун ичида “Ideal polimer plast” масъулияти чекланган жамиятини таъсис этиб, ишни бошлаб юборди.

— Тўғри, пойтахтда ишлаб юрган вақтларим бу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш борасида қисман тажриба тўплаган бўлсам-да, ишни ташкил қилиш жуда оғир эканини ўзим тадбиркорликка қўл ургач тушундим, — дейди у. — Масалан, энди иш бошлаган кезларида жойимиз ниҳоятда таъмирталаб, бу қолипдан чиққан маҳсулотларни қуритишда қийинчилик туғдирар, боз устига ишчиларимиз ҳам тажрибасиз, шу боис ишлаб чиқариш жараёнида йўқотишлар жуда кўп, деярли зарарга ишлаётган эдик. Ана шу кезларда, “Балки катта зарарга кириб кетмасдан ишни тўхтатишим керакдир” деган фикрлар ҳам тез-тез миямда айлана бошлаган. Лекин ичимда “Барибир уддалайман” деган ишонч бор эди. Хуллас, қанча қийин бўлмасин, муаммоларни бирин-кетин енгиб, олдинга қараб интилишда давом этавердим.

Ана шу кунларга ҳам 7 йил бўлибди. Бу вақт ичида тадбиркорнинг эришган ютуқлари, қўлга киритган натижалари эса ҳавас қилса арзигулик. Ҳозир эски бино ўрнида корхонанинг замонавий мажмуаси қад ростлаган. Бу ерда ишлаб чиқариш цехи, ишчиларнинг овқатланиши, дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Мажмуанинг кенг ҳовлисига териб қўйилган юз хилдан ортиқ тур ва ўлчамдаги замонавий ванна ва раковиналар эса ҳар қандай кишининг кўзини яшнатиши табиий. Бу маҳсулотларнинг чекка бир қишлоқда ишлаб чиқарилаётгани янада аҳамиятли. Тадбиркорнинг айтишича, корхона маҳсулотлари ўзининг нархи, дизайн ва сифат кўрсаткичлари билан бозор рақобатига тўла дош беряпти экан. Шунга монанд ишлаб чиқариш салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти.

— Дастлаб ойига 100 дона атрофида ванна ишлаб чиқарган бўлсак, бу кўрсаткич бугунга келиб уч баробарга ортди, — дейди у. — 3 нафар ишчиларимиз сони эса 15 нафарга етди. Шулардан 5 нафари ижтимоий реестрларда турувчи фуқаролардир. Уларнинг келиб-кетиши учун транспорт ажратганмиз, тушликлари бепул. Биласизми, нега булар ҳақида гапиряпман, ишчиларга қулай шарт-шароит яратилсагина, корхона истиқболи ҳақида режалар тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Тадбиркорнинг келгуси режалари ҳам бисёр. У биринчи навбатда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтирмоқчи. Халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий кўринишдаги ванна ва раковиналар турини кўпайтирмоқчи. Қизилтепада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хориж бозорларида кўриш унинг энг катта мақсадларидан бири. Айни пайтда шу мақсад йўлида ҳаракатларини давом эттирмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?